Ўзбек тилида гаплашамизми?

Маълумотим бўйича ҳуқуқшунос ўқитувчиман, баъзан ўзбек тили муаммолари тилшунослар бош қотирадиган масала деб ўйласам-да, лекин у барчамизнинг вазифамизга ўхшайди. Тадқиқотлар олиб бориш, дарс ўтиш жараёнида доимо тилга оид муаммоларга дуч келиб, унга ечим излаб қоламиз. Ҳозирда дунё бўйича ўзбек тилида сўзлашадиган 40 миллиондан ортиқ киши бор деб ҳисобланади. Афғонистонда бу тил учинчи давлат тили деб эълон қилинган. Республикамизда ўзбек тилини давлат тили деб мустаҳкамлаган қонун, алоҳида ўзбек тили ва адабиёти университети бўлишига қарамасдан бу тилнинг софлигини сақлаш, луғат бойлигини қўллаш, ривожлантириш барчамизнинг бурчимиз бўлмоғи лозим.

Албатта, ҳар бир тил бошқа тиллар билан мустаҳкам алоқада бўлса-да, энг аввало, ўзининг ички имкониятларига таяниши, луғат фондини асраши, бўлмаганларини ўзига яқин тиллардан олиши ёки бизгача қандай етиб келган бўлса, шундай қабул қилши мумкин, деб ўйлайман. Мисол учун, телекўрсатувларнинг бирида катта олимга “трактор“ сўзининг ўзбекча эквивалентини топинг, дейишади. Ўзбекнинг отаси тракторни ихтиро қилмаган бўлса, бу ўзбек тилида йўқ-ку?! Хўп, майли, ўзимизда йўқ сўзларни бизга қандай етиб келган бўлса, шундай олиш мумкиндир. Лекин нима учун усмонли туркларнинг оталари самолётни ихтиро қилмаган бўлсалар-да, улар самолётни “учоқ“ деб айтишади ва бундай дейиш ҳеч кимга малол келмайди. Ёки ўзбек тилидаги асос, тушунча иборалардан бири “Она ер“. Айтинг-чи, бу маънони берадиган шундан қудратли сўз борми? Телевидение, матбуот ходимлари эса кўп ҳолатда “замин“ дейишади. Бу сўзнинг ўз ўрни бор. Масалан, иморатнинг тагзамини. Ҳозирда тилимизда “денгиз“ сўзи деярли қўлланилмайди. “Денгиз“ ҳам “уммон“, “уммон“ ҳам “уммон“. Бу икки сўз ўзбек тилида икки маънога эга.

“Уммон“ (араб) – умуман, денгиз, океан дегани эмас. Алишер Навоий ғазалларида (Тўла асарлар тўплами, 10 жилдлик, 2-жилд, 399-ғазал, 4-мисра) ҳозирги Арабистон шўр сувли денгизигина назарда тутилган. “Уммон“ – бу океан. Бу 11 километр чуқурликдаги Мариана ботиғи каби сувлар маъносида, денгиз эса беҳисоб, қирғоққа яқин, океанга туташ сувлар маъносида тушунилиши лозим. Яъни, кемалар уммондагина эмас, денгизда ҳам сузади.

Кўп ҳолларда қалам аҳли “бошдан кечирган“ ўрнига “саргузашт“ сўзини, китоб ўқишни “мутолаа“, ҳаёт кечириш, яшадик, умр ўтказдик ўрнига “умргузаронлик“ сўзини қўллашади. Телевизордаги ибораларга қараганда ҳофизларимиз куйламайди, ашула айтмайди, балки хониш қилади.

Баъзан ўзбек тилига олиб кирилаётган сўзлар айнан ўзбек тилида қўлланиладиган маъносини англатмайди. Ўзбек тилида Ўзбекистондан бошқа мамлакатларни англатувчи, қўлланилиши енгил чет эллар, чет мамлакатлар, элчилик деган сўзлар бор, аммо нима учундир буларнинг ўрнига “хориж“ сўзи ишлатилади. Аммо бу сўз араб тилида “чет эл“дан ташқари маъноларга ҳам эга.

Албатта, ҳар бир тил бошқа тиллардан ўтган сўзлар ҳисобига бойиб, сайқалланиб боради. Аммо бу дегани, мазмуни тилимиздаги тушунчани англатмаса-да, қўллайвериш дегани эмас-ку. Бу ҳолатни юқорида кўриб ўтдик. “Зўр ТВ“да деярли ҳар куни бир неча марта “Гўллар изтироби“ ибораси такрорланади: Бу нима? Гуллар изтиробими ёки гўл, содда кишилар изтиробими?

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Баъзиларнинг ўзбек тилида чала-чулпа, бошқа тиллардаги сўзларни ҳам пала-партиш аралаштириб гапириши таъбимизни хира қилади.

Афғон ўзбеклари нутқини эшитиб кўрганмисиз? Ўзбекча сўзлар неча фоизни ташкил қилади? Болаларимизга исм қўйишда ҳам ўйлаб ўтирмаймиз. – Моҳигул, Ситора, Моҳинур, Фарангиз ёки арабча исмлар – Шамсиддин, Хусомиддин, Сайфиддин ва ҳоказо. Сарвар (ф.т.) – йўлбошчи, бошлиқ, раҳнамо маъноларини англатадиган (Э.Бегматовнинг “Ўзбек исмлари“ Тошкент, 2007.) исмлар ҳозирги кунда ўзбек телевидениеси, радио, газетада учрайдиган асосий исмлардир. Ваҳоланки, асл ўзбекча оддийгина исмлар хоҳлаганча топилади.

Албатта, биз, ўзбеклар ота-боболаримиздан минг йиллар оша мерос бўлиб келаётган, ёнгинамиздаги қўшни халқлар тилларидан ҳам кўп сўзларни қабул қилган, туркий-ўзбек тилини ҳурмат қилиб, фақат давлат тили қабул қилинган кундагина эмас, у тўғрисида ҳар куни, иш жойимизда, оиламизда, ижтимоий-сиёсий фаолиятимизда ғамхўрлик қилсак, қўллаб-қувватласак она тилимиз умр­боқий тил бўлиб қолади. Ўз тилимизга эътиборли бўлсак, бошқа тилларни ҳам ўрганиб, қўллашимизга ёрдам беради.


Зиёдулла МУҚИМОВ, профессор.