Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш март ойининг биринчи ярмида бошланади
Ўзбекистонда биринчи бўлиб вакцина оладиганлар тоифаларнинг рўйхати маълум қилинди. Булар:
- 65 ёшдан ошган қариялар ва кексалар;
- сурункали касалликлари бор шахслар;
- тиббиёт ходимлари;
- мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари;
- аҳоли билан бевосита мулоқотга киришадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидир.
Республикада тоифалар бўйича "COVID-19"га қарши эмлаш 2021 йилнинг март ойининг биринчи ярмида бошланиши режалаштирилган.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами бўлиб даволаш профилактика муассасалари қошида 3138 та эмлаш хоналари ва 820 та мобил бригадалар ташкил этилган, улар барча эмлаш ишларини жадвал асосида ва босқичма-босқич амалга оширади.
Республика бўйича хавф гуруҳига кирувчи аҳолини эмлаш ишлари якунланиши ва республикага вакцина келишига биноан қолган аҳоли ҳам эмланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тавсия этилган вакциналар республикада қўлланилади (ҳамкор ташкилотлар томонидан жорий йилда "COVID-19"га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг 20 фоизи миқдорида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцинага буюртма тайёрланиб, COVAX жамғармасига юборилди).
Санитария-эпидемиология хизмати "СOVID-19" инфекциясига қарши вакцина ишлаб чиқарувчи 12 та етакчи корхоналар билан ушбу вакциналарни харид қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганлигини айтган.