Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонга олиб кириладиган айрим транспорт воситаларини экологик сертификатлаш тартиби белгиланди

Ҳукуматнинг 30 январдаги қарори билан юртимизга олиб кириладиган “М” ва “N” тоифалардаги ғилдиракли янги транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлигини экологик сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистонга олиб кириладиган ғилдиракли янги транспорт воситаларининг экологик тоифа талабларига мувофиқлиги бўйича экологик сертификатлаш ҳужжатларини “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали ёки тўғридан-тўғри сертификатлаш органига тақдим этади.

Ғилдиракли янги транспорт воситалари - ишлаб чиқарилган кундан бошлаб 3 йилдан ортиқ вақт ўтмаган йўловчилар, багаж ва юкларни ташиш ҳамда махсус ишларни бажариш учун мўлжалланган автомобиллар, шатакка олувчи автомобиллар, тиркамалар ва ярим тиркамалар ҳисобланади.

Экологик сертификатлаш органи томонидан мазкур транспорт воситаларининг кўрсаткичлари ифлослантирувчи моддалар ташламалари меъёрларига мувофиқлиги таҳлил қилинади.

Экологик сертификат ғилдиракли янги транспорт воситасини божхонада расмийлаштириш мақсадида божхона органига тақдим этилади.

Aризани кўриб чиқиш, экологик сертификатлаш жараёнини амалга ошириш ва экологик сертификат бериш ёки уни беришни рад этиш бўйича ишларнинг қиймати томонлар келишуви асосида тузилган шартномага мувофиқ белгиланади.

Ушбу қарор 2022 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2019 йил 30 октябрдаги фармонига асосан 2022 йил 1 январдан бошлаб заҳарлилик даражаси “Евро-4” экологик тоифа талабларига мос келмайдиган газ, бензин ва дизел двигателлари билан жиҳозланган “М” ва “N” тоифаларидаги ғилдиракли транспорт воситаларини фойдаланиш ва уларни сотиш мақсадида “вақтинча олиб кириш” ва “эркин муомала (импорт) учун чиқариш” божхона режимига жойлаштириш ман этилади.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.