Президент билан мулоқотдан сўнг самарқандлик тадбиркорларнинг қанча маблағи ўзида қоладиган бўлди?
Давлат раҳбари тадбиркорлар билан мулоқоти давомида ишбилармонларга қулайликлар яратиш, қўшимча енгилликлар жорий қилиш ҳақида топшириқ берганди.
Биринчи йўналиш - бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалаларида самарқандик тадбиркорлар қандай манфаат топади?
Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида 4,6 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларига 2,7 трлн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Йил охирига қадар яна 2 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилди.
Кредитларни амалдаги фоиз ставкасидан 5 фоизга паст ажратилиши натижасида йилига 235 млрд. сўм маблағ тадбиркорлар ёнида қолади.
Мисол учун, фаолият тури қурилиш, 103 нафар ишчиси мавжуд “Ulug siymo qurilish” МЧЖ 16 млрд. сўм кредит маблағларини 22 фоиздан олган. Эндиликда ушбу тадбиркорлик субъекти шунча қийматда кредит оладиган бўлса, йилига ўртача 800 млн. сўм маблағ ёнида қолади.
Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси хисобидан 2021 йил 7 ойида вилоятидаги 593 та тадбиркорлик субъектларининг 60,3 млрд. сўмлик кредитларининг фоизлари бўйича компенсация қилинган, 174 та тадбиркорлик субъектларига 91,9 млрд. сўм кафиллик берилган. Жамғарманинг ушбу молиявий кўмагида амалга оширилган лойиҳаларда 4 200 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.
Масалан, Нуробод туманидаги «Maroqand sement invest» МЧЖга цемент ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олиш учун 10,5 млрд. сўмлик кредитга фоиз компенсацияси берилган. Натижада ушбу тадбиркорнинг йилига ўртача 500,0 млн. сўм маблағи ёнида қолади.
Йил якунига қадар жамғармадан 1,5 мингга яқин тадбиркорларга 300 млрд. сўмлик кредит учун компенсация ва кафиллик берилиши кутилмоқда. Ушбу кўмак натижасида тадбиркорлар томонидан 7,5 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Шунингдек, бугунги кунда банкларимиз томонидан ажратилаётган кредитлар лойиҳанинг ўзини қоплаш муддатидан келиб чиқиб эмас, балки жалб қилинган ресурс маблағларининг муддатидан келиб чиққан ҳолда ажратилмоқда. Бу ўз навбатида фаолиятини йўлга қўйиб энди ривожланишни бошлаган корхоналар ойлик имкониятидан кўп миқдорда тўлов қилишига мажбур бўлиб, молиявий жиҳатдан қийин аҳволга тушишига ёки лойиҳалар бир неча этапда амалга оширилишига сабаб бўлмоқда.
Мисол учун, Паст Дарғом туманида жойлашган “Plaster lime-stone" МЧЖга тўқув дастгохлари ва ускуналар сотиб олиш лойиҳаси учун
476 минг доллар кредит маблағи 2021 йил апрел ойида 3 йил муддатга ажратилган. Ваҳоланки, ускунани келтириб ўрнатишга ўрта ҳисобда 6 ойдан бир йилгача муддат сарфланади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бозор топиш ва барқарор фаолият юритишни бошлагунга қадар камида 1,5-2 йил вақт сарфланади. Яъни корхона 3 йилдан сўнг барқарор фаолият кўрсатишни бошлаши мумкин. Ушбу корхонага 3 йил муддатда кредит ажратилиши лойиҳани бошланишидан молиявий қийинчиликларга келтириб чиқаради.
Жорий йилда ажратилган кредитлар таркибида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, уни кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларга ажратилган кредитлар танлов асосида таҳлил қилинганда, 230 та корхонага 620 млрд. сўм кредит маблағлари лойиҳаларнинг тўлиқ ўзини қоплаши даврига номутаносиб муддатга ажратилган.
Бундай ҳолатлар иқтисодиётимизни жадал суратларда ривожланишида ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шу боис, тадбиркорларга кредитлар лойиҳа ўзини қоплаш муддатидан келиб чиққан ҳолда ажратилиши қулай шароитларда бизнес юритишга замин яратади.
Вилоятда 1 млн. долларгача кредит олган 1322 та тадбиркорларга 274,4 млн. доллар миқдорда кредит ажратилган. Шундан 212 млн. доллар миқдордаги кредит ажратилган 1145 та тадбиркор валюта тушумига эга бўлмаган. Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил бошидан бугунги кунга қадар АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси 148,08 сўмга кўтарилиши туфайли ушбу тадбиркорлар 31,3 млрд. сўм маблағ йўқотган.
Мисол учун, "Spektr ingeneering plus" корхонасига 2020 йилнинг декабр ойида 870 минг доллар миқдорида кредит ажратилган. Жорий йилнинг ўтган даврида валюта курси фарқи ҳисобига корхона 128,8 млн. сўм йўқотган.
Энди жорий йил 1 октябрдан бошлаб илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада кредит олган тадбиркорларнинг кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан миллий валютага ўтказиб берилиши ҳамда банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб этишидан қатъи назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – “сўм”да бериш тизими жорий қилинади.
Бугунги кунда вилоятда 3 та (шундан, 1 та микрокредит ташкилоти ва 2 та ломбард) микромолиявий хизматлар кўрсатувчи микрокредит ташкилотлари фаолият юритиб, улар томонидан 4,7 мингдан ортиқ фуқарога 15 млрд. сўмлик микроқарзлар ажратилган. Ушбу нобанк кредит ташкилотларининг кредит портфели қолдиғи 5,6 млрд. сўмни ташкил этиб, бу вилоят банк тизимининг жисмоний шахсларга ажратган чакана кредит ва микроқарзлари портфелига нисбатан 0,25 фоизни ташкил этади.
Нобанк кредит ташкилотлари ўртасида рақобатнинг юқори эмаслиги улар томонидан кўрсатилаётган молиявий хизматларнинг ўта юқорилигича сақланиб қолаётганлигига шароит яратмоқда. Ҳозирда ушбу 3 та нобанк кредит ташкилотлари молиявий хизматлари ўртача нархи 85,4 фоизни ташкил этмоқда.
Жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Шунингдек, ушбу ташкилотлар, худди банклар каби тўловларни қабул қилиш ваколатига эга бўлади. Бу ўз навбатида вилоятда микромолиявий хизматларни кескин ривожланишига хизмат қилади.
Хусусан, вилоятда кўрсатиладиган микромолиявий хизматлар кўлами кенгаяди ва банк тизимига муносиб рақобатчи таклиф тизими пайдо бўлади. Ўзаро рақобат даражасининг ошиши натижасида аҳолига кўрсатиладиган микромолиявий хизматлар нархи пасаяди. Кредит бозорида аҳоли ва тадбиркорларимиз учун йилига қўшимча 100-150 млрд. сўм ресурс шаклланишига замин яратади.
Жамшид ЎРОҚОВ,
вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.