Қайси давлатда муҳожирлар яхши маош олади?
Одамларнинг бошқа давлатга кўчиб кетиш сабаблари кўп. Кимдир ишдан бўшайди, бошқаси бахтини излаб севгисига эргашади, яна бири ўз ватанидагидан кўра кўпроқ даромад келтирадиган иш қидиради.
“Internations” муҳожирлар ижтимоий тармоғи 12 500 фойдаланувчи қатнашган сўров ўтказиб, “Янги яшаш жойингизда кўпроқ пул ишлаб топиш мумкинлигига ишонасизми?”, деган савол берди.
Қуйида муҳожирлар жавобларига асосланиб, энг яхши маош тўлайдиган давлатлар келтирилган.
Сингапур
Сўралганларнинг 62 фоизи Сингапурда иш ҳақи ҳаддан ташқари юқорилигини, 43 фоизи эса ўз ватанидагидан “бир неча баробар кўп” маош олишини маълум қилди. Бундан ташқари, 25 фоизи йилига уларнинг оилавий даромади 100 минг доллардан ортиқ эканини айтишди. Айтганча, Сингапурда яшаш ҳам жуда қиммат – айниқса, ижара ҳақи. Шунинг учун у ердаги юқори маошлар оддий заруратдир.
Норвегия
Нефтга бой Норвегия ўқимишли муҳожирларни жалб қилади. Респондентларнинг 33 фоизи кўп пул ишлаб топиш билан бирга иш уларга завқ бағишлашини айтди: бу ердаги иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат яхши баҳоларни олди. Иш ҳафтаси 42,9 соатни ташкил этади, бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан пастроқдир. Шунга қарамай, Норвегияда ҳаёт, масалан, Германияга қараганда қимматроқ. 71 фоиз мутахассис бу ерда уйдагига қараганда кўпроқ пул сарфлашини айтмоқда.
Бирлашган Араб Амирликлари
Катта нефть захираларига эга, бироқ техник “ноу-хау” заиф ривожланган мамлакат чет эллик мутахассисларни сотиб олишга мажбур. Чет элликларнинг 72 фоизи жуда кўп ишлаб пул топишларини, 16 фоизи эса даромадлари йилига 150 минг доллардан ошиб кетишини тан олди. Амирликларда ҳам яшаш жуда қиммат. Респондентларнинг 67 фоизи ижарага уй олиш ниҳоятда қиммат эканлигини, 27 фоизи эса маоши кундалик ҳаётига зўрға етишини айтган.
Нигерия
Нигерия кўп пул ва камхаражатли яшаш шароитларини таклиф қилади. Чет элликларнинг 10 фоизи бу ерда йилига 200 минг доллардан кўпроқ маош олишини, 86 фоизи эса олган маоши фаровон ҳаёт кечириши учун етарли эканини айтган. Турмуш даражаси бўйича охирги ўринда турадиган давлатда чет элликларнинг атиги 17 фоизи ўзини хавфсиз ҳис қилиши ҳам бор гап.
Саудия Арабистони
Пулга чанқоқлар тўғридан-тўғри бу мамлакатни танласа бўлади: 42 фоиз муҳожир бу ерда ўз ватанидагидан бир неча баробар кўп пул ишлаб топишини, 86 фоизи эса Саудия Арабистонида ҳаёт жуда арзон эканини таъкидлайди.
Баҳрайн
Сўралганларнинг 70 фоизи бу ерда ўз мамлакатларига қараганда кўпроқ, 41 фоизи эса “анча кўп” маош олади. Бундан ташқари, Баҳрайн иш муҳити юқори баҳоларни қўлга киритди: мамлакатдаги иш ҳафтаси дунёдаги ўртача кўрсаткичдан анча паст бўлиб, бу ерда 93 фоиз муҳожир доимий ишга жойлашган.
Қувайт
Давлатдаги бой нефть ва газ конлари чет эллик истеъдодларни жалб қилиш учун зарур бўлган юқори иш ҳақини тўлаш имконини беради. Қувайтга асосан Ҳиндистон ва Филлиппиндан жуда кўп сонли эмигрантлар келади. Келганларнинг 62 фоизи йилига камида 50 минг доллар ишлаб олишини тан олди.
Қатар
Форс кўрфазининг энг бой давлатларидан бири муҳожирларининг 76 фоизи ҳам бу ерда яхши пул ишлаб топишини айтади. Сўровда қатнашганларнинг учдан бир қисми йилига 100 минг доллардан кўпроқ маош олади. Қатарда ҳаёт жуда қимматлигини ҳисобга олсак ҳам, 81 фоиз меҳмон бу ҳаётдан жуда мамнун.
Швейцария
Иккинчи ўринда Швейцария жойлашган бўлиб, у юқори иш ҳақига қўшимча равишда яшаш нархининг жуда юқорилиги билан ҳам машҳур. Шунга қарамасдан хорижий мутахассисларнинг 57 фоизи оила даромади йилига 100 минг АҚШ долларидан ошиши, 14 фоизи эса ҳатто 200 минг доллардан ортиқ даромад олиши ҳақида хабар берди.
Люксембург
Кўпгина йирик суғурта компаниялари жойлашган Европа Иттифоқининг энг бой давлати ва дунёдаги энг бой мамлакатлардан бири Люксембург Буюк Герцоглиги мутлақ етакчи. Бу ерда иш ҳақининг жуда юқори эканлиги ажабланарли эмас: муҳожирларнинг 76 фоизи бу давлатда уйидагидан кўра кўпроқ маош олишини, 45 фоизи эса Люксембургда “анча кўп” пул ишлаб топишини айтишади.
Мамлакат жуда кичик бўлганлиги сабабли уйлар ижараси жуда қиммат, бу кўплаб чет элликларнинг ҳамёнига зарар келтиради. Бироқ, Шенген келишувига мувофиқ немис мутахассислари чегара ҳудудида яшаши ва ҳар куни чегарани кесиб ўтишлари мумкин.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.