Қўшиқчи Ж.У.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича дастлабки қарор қабул қилган ходимлар ҳаракатига баҳо берилди
Вояга етмаган Ш.М.ни мажбурлаб номусига текканлиги ҳолати юзасидан Ж.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши, ЖИБ Каттақўрғон шаҳар судида мазмунан кўрилиб, суднинг 2021 йил 2 февралдаги ҳукми билан Ж.У. ва бошқалар айбдор деб топилиб, уларга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазолар тайинланди.
Жиноят иши томонларнинг шикояти асосида Самарқанд вилоят суди томонидан аппеляция тартибида кўриб чиқилиб, ҳукм кучида қолдирилган.
Вояга етмаган Ш.М.нинг номусига текканлик ҳолати бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказган Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчисининг ҳаракатлари бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилди. Унда терговчи далилларни соҳталаштирмаганлиги, кўрсатувларни ўзгача тарзда қайд этмаганлиги, терговга қадар текширув ҳаракатларида иштирокчиларнинг кўрсатувларини ўзларининг сўзларидан ёзиб олганлиги аниқлангани сабабли унга нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Бироқ у ҳолат бўйича қонуний қарор қабул қилиш учун далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли унга нисбатан вилоят ИИБ бошлиғининг буйруғи билан "ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилган.
Шунингдек, мазкур ҳолатда идоравий назоратни етарли даражада таъминламаган Каттақўрғон тумани ИИБ тергов бўлими бошлиғига "ҳайфсан", туман ИИБ бошлиғига “танбеҳ” интизомий жазоси қўлланилган.
Вилоят ИИБ тергов бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимдан озод қилинганлиги билан чегараланилган.
Самарқанд вилояти прокуратураси ахборот хизмати.