Қозоғистондаги ҳарбий қисмда ўқ-дори омборлари портлаши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, оғир жароҳатланганлар бор

Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги ҳарбий қисмда ўқ-дори омборларида содир бўлган ёнғин ва портлашларда 5 киши ҳалок бўлди, жабрланганлардан 66 киши шифохонада, деди мамлакат мудофаа вазири Нурлан Ермекбоев.

Ҳарбий қисмдаги ўқ-дорилар омборида ёнғин сабабли содир бўлган портлашлар тўхтади, аммо ёнғин давом этмоқда, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ҳали аниқланмаган, дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

"Афсуски, ёнғин оқибатларини бартараф этиш пайтида беш ҳарбий хизматчимиз ҳалок бўлди", деди Мамлакат мудофаа вазири Нурлан Ермекбоев.

"Ёнғин содир бўлган Жамбил вилоятидаги ҳарбий қисмнинг яна бир ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиси ҳақида маълум бўлди. У Ёнғин ўчириш бўлими бошлиғи, контракт хизматининг кичик офицери, 1992 йилда туғилган Еркин Еркбаевич Надирбеков. У воқеа жойида ҳалок бўлган. У 27 август куни эрталаб турган жойи номаълум бўлган ҳарбий хизматчилар рўйхатига киритилган эди, - дейилади вазирлик хабарида.

Қозоғистон Мудофаа вазирлиги 26 август куни кечқурун Жамбил вилоятида муҳандислик ўқ-дорилар сақланадиган ҳарбий қисм омборида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берди. Кейинчалик омборда 500 тоннадан ортиқ тротил сақлангани маълум бўлди.

Камида олтита портлаш содир бўлган. Вилоят маъмурияти маълумотига кўра, 66 нафар жабрланган фуқаро шифохоналарга ётқизилган, улардан олтитаси оғир жароҳат олган.

Фавқулодда ҳолат юзасидан қурол, шунингдек, бошқаларга хавф туғдирувчи моддаларни сақлаш ва ишлатиш қоидаларини бузиш юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Атрофдаги қишлоқлар аҳолиси эвакуация қилинди.

Бугун эрталаб ҳам ёнғин давом этди.