Россия Федерацияси ҳукумати ҳар бир болага 10 минг рублдан ижтимоий маблағ тўлашни тасдиқлади

Россия Федерацияси раҳбарияти 12 май куни мамлакат Президенти Владимир Путин буйруғига асосан 3 ёшдан 16 ёшгача фарзанди бор оилаларга бир марталлик ижтимоий маблағ тўланишини тасдиқлади. Бу ҳақида Россия ҳукуматининг сайтида эълон қилинди.

“3 ёшдан 16 ёшгача фарзанди бор россияликлар (Россия фуқаролари), ҳар бир фарзанд учун, 1 июн санасидан бошлаб 10 минг рубль қийматидаги бир марталик тўлов олишлари мумкин”, дейилган ҳукумат қарори матнида.

Тўловни олиш учун фуқаролар давлат хизматлари порталига электрон ариза ёзишлари ёки яшаш ҳудуди бўйича пенсия жамғармаси идорасига ўзлари ташриф буюриб ариза топширишлари мумкин.

7 апрель куни Россия Президенти коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан ёш боласи бор оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча ижтимоий ёрдам бериш ҳақидаги қарорни имзолаган эди. Ўшанда ёш болали, ижтимоий ёрдам олишга ҳақи бор оилаларга ҳар ойда 5 минг рублдан тўлов тўланиши белгиланган эди.