Рус тилига қарши эмас, ўзбек тили учун курашиш пайти келди

Ношир Санжар Назар жамиятда қизғин муҳокама этилаётган тил масаласида урғуни тўғри беришни таклиф қилаяпти. Унинг фикрича, рус тилига қарши эмас, ўзбек тили учун курашиш пайти келди. Minbar қуйида унинг фикрини тўлиқ келтиради.

 

-Одамнинг (барча ҳайвонотнинг ҳам) вужудини жон тарк этгач, тана ўз-ўзидан "емирилишни" бошлайди. Бир-икки ойда буткул тамом бўлиб, таниб бўлмас ҳолга келади. Миллат учун тил ана шу жон ўрнидадир. Тил – миллатнинг руҳи ва жонидир. Тилсиз миллат емирилишга маҳкум.

Рус тили давлат тили мақоми берилмасданоқ устувор мавқега эга бўлиб турган, де-факто давлат тили бўлиб турган бир пайтда унга шундай мақомнинг берилиши ўзбек тилининг жонжойига урилган ханжар бўлади. Мен рус тилига қарши эмасман. Унинг чет тили сифатида кенг ўрганилишига ҳам нейтрал муносабатдаман.

Чунки Зафар Ҳошимов ёзганидек: “Рус тилининг дунё маданияти, адабиёти, илм-фанига қўшган улкан ҳиссасини камситмаган ҳолда айтишим мумкинки, дунё тараққиётининг замонавий босқичида рус тилида салмоқли манбалар ҳамда асарлар яратилмоқда деб бўлмайди.
– аниқ фанларда рус тилида атиги 2 фоиздан камроқ, 
– гуманитар фанларда эса 1 фоиздан камроқ янги илмий ишлар чоп этилмоқда; 
– дунё бўйлаб айни дамда 5 фоиздан ортиқ бўлмаган илмий ва публицистик ишлар рус тилига таржима қилинмоқда. 
Агар адабиётга тўхталадиган бўлсак, рус тилида нашр қилинаётган адабиётлар, масалан, инглиз тилидагилардан минг марта камроқ”.

Бизнинг бугун уйғонгандек бўлиб кўринаётган миллий ҳамият ва оримиз навбатдаги “қора малибу” мавзусига етар-етмас қайтадан ухлаб қолмаслиги керак.

Бугун хосларимиз болаларини рус синфлари, мактабларида ўқитаяпти.

Уларни айблаш билан эмас, ўзбек мактабларининг савиясини кўтариш билан шуғулланишимиз керак. Чунки одам қайси тилда фикрласа ўша миллатга мансубдир.

Ҳали жаҳон мумтоз адабиётининг юздан бири ўзбек тилига ўгирилмаган (ўгирилганларининг аҳволи ҳам қувонарли эмас). Долзарб замонавий адабиёт ҳақида орзу ҳам қилмаяпмиз.

Илмий йўналишдаги асарлар умуман таржима қилинмаяпти (айрим йўналишларда диссертация сифатида таржима қилинаётганлари ҳисоб эмас).

Бундан 1 ой олдин ҳам шу ерда тил, алифбо ҳақида ёзган одамни тезак ёқаётган халқ ҳақидаги мисол билан уриб йиқитаётган биз эдик. Бугун “тилим” деб кўксига ураётган бирисининг 200 бетлик китоби 2000 дан ошиқ хато билан чоп қилинганди – бу тилни ичдан емириш эди. Ўзбек тилидаги айрим кўрсатувларда ҳар бир жумлада камида иккитадан русча сўз ишлатганларга бефарқ эдик – бу тилни ичдан емириш эди.

Агар шундай муносабат давом этса орадан яна 27 йиллар ўтиб календаримизда “буюк оғамиз билан қайта қовушган кунимиз” деган қизил сана пайдо бўлиш эҳтимоли жуда юқори.

Бу хавотир куни кеча олис вилоятдаги туманда очилган кичик дўконнинг тепасига “мы открылись” деган эълон илинганда яна бир қувват олди. Ахир ўша туманда 0,01 фоиз ҳам рус тилида гаплашадиган одам йўқ, эълоннинг мазмунини ҳам нари борса 15-20 фоиз одам, уларнинг ҳам кўпчилиги тусмоллаб тушунади.

Рус тилига қарши курашиш эмас, ўзбек тили учун курашиш пайти келди. Аллақачонлар келган эди.