Самарқандда божхоначилар 7,4 кг. заргарлик буюмларини ушлаб қолгани маълум қилинди

“Истамбул-Самарқанд” авиарейси билан Самарқанд халқаро аэропортига учиб келган шахс ўзига тегишли бўлган багаж юкларини олиб, ихтиёрий равишда “яшил” йўлак орқали божхона назоратидан ўтаётганда ходим томонидан тўхтатилиб, йўловчининг багаж ва қўл юклари кўздан кечирилади.

Натижада мазкур шахснинг ёнидан йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ҳамда божсиз олиб кириш меъёридан ортиқча, қиймати 120,6 млн. сўмлик заргарлик буюмлари борлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йил бошидан бугунги кунга қадар қиймати 2 миллиард 689 миллион сўмлик, оғирлиги 7,4 килограмм қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари ушлаб қолинган, дея хабар бермоқда вилоят божхона бошқармаси.