Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда жамоат транспортининг аҳволи қай даражада? Йўловчилар нимадан норози? Яқин кунларда соҳада қандай янгиликлар бўлади?

Вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Акобир Ашуров шу каби саволларга батафсил жавоб берди.

Бугунги кунда вилоятдаги 18 мингдан зиёд транспорт воситаларининг 567 тасини автобус, 178 тасини микроавтобуслар ташкил этади. Улар 277 та йўналишда аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Жумладан, 80 та автобус, 7 та микроавтобус ва 136 та йўналишли таксилар шаҳар атрофида, 19 та шаҳарлараро, 7 та вилоятлараро йўналишларда йўловчи ташимоқда.

Ўтган йили тадбиркорлар томонидан 111 та автобус ва 27 та микроавтобус харид қилинди. Шунингдек, Европа Тараққиёт ва Тикланиш банки томонидан ажратилган имтиёзли маблағлар ҳисобидан 6 та электробус олиб келинди. Самарқанд шаҳрида 43 та янги йўналишлар тармоғи ташкил этилиб, 10 тасига автобуслар қатнови йўлга қўйилди ҳамда 6 таси бўйича брутто шартномаси имзоланди. Бўстонсарой ва Ибн Сино кўчаларида 11 километр масофада алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилгач, автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 41 фоизга етказилди. Йил давомида 102 миллион нафар аҳолига жамоат транспорти хизматлари кўрсатилди.

Жорий йилда шаҳримиз меҳмонлари ва сайёҳларга сифатли транспорт хизмати кўрсатиш мақсадида шаҳарнинг тарихий обидаларига олиб борувчи 5 та экспресс йўналиш ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, “Темирйўл вокзали – Конигил туризм қишлоғи”, “Амир Темур мақбараси – "Боқий шаҳар" туризм маркази” “Амир Темур мақбараси - халқаро аэропорт”, “Амир Темур мақбараси – Хўжа Дониёр зиёратгоҳи” каби шаҳар экспресс йўналишлари, “Амир Темур мақбараси – Имом Бухорий зиёратгоҳи” шаҳар атрофи экспресс автобус йўналишини ташкил этиш кўзда тутилган.

Самарқанд шаҳридаги 240 та автобус бекатидан дастлабки 40 тасига LED мониторлари ўрнатилиб, автобус қатновлари тўғрисидаги маълумотлар ёритиб борилади. Йил давомида 94 та электробус харид қилиниб, яна 157 та автобус бекатлари ҳамда 5 та автовокзал қурилиб, реконструкция қилинади.

Жумладан, Чўпонота маскани ҳудудидаги 4,6 гектар ер майдонида “SXF-Camping” МЧЖ томонидан 50 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий автошоҳбекат қурилиши якунига етказилади. Тўртта автобошбекат ташкил этилади. 3,8 гектар ер майдонида электробусларни сақлаш учун автосарой қурилади.

Амалга ошириладиган чора-тадбирлар натижасида йил давомида 114 миллион нафар йўловчига сифатли ва арзон жамоат транспорти хизмати кўрсатилишига эришилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.

***

Ушбу видеолавҳа ва мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.