Самарқандда меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрда “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг жорий йил 18 сентябрда 143-Қ-сонли қарори имзоланди. Унга кўра, вилоят бўйича хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Режага мувофиқ, бундан буён вилоят ҳокимининг ўринбосари, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва меҳнат инспекторлари хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар оила аъзоларининг ҳолидан мунтазам хабар олиниб, уларнинг муаммолари ва эҳтиёжларини аниқланиб, ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, уларга зарур тиббий патронаж хизматини кўрсатиш, ипотека кредитлари асосида уй-жойлар ажратиш, фарзандларининг таълим олишидаги муаммоларини ҳал қилиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашилади.

Бундан ташқари, икки ой муддатда вилоятда жойлашган коллеж ва техникумларда меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилади. Ушбу курсларнинг ўқув дастурлари хорижий йирик иш берувчиларнинг талабларига мослаштирилади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.