Самарқандда "Темир дафтар"га киритилган 1348 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 1 миллион сўмдан моддий ёрдам тарқатилди

Ҳозирда асосий эътибор пандемия шароитида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, жойларда эпидемиологик вазият барқарорлигини сақлаш ҳамда коронавирусга чалинган фуқароларга малакали тиббий хизмат кўрсатишга қаратилган.

Бу борада ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, мутасадди раҳбарлар зиммасига ўта масъулиятли вазифалар юкланган. Аммо, ушбу йўналишда олиб борилаётган барча ишларга қарамай кейинги вақтда юртимизда, хусусан, шаҳримизда эпидемиологик вазиятнинг бир мунча ёмонлашиши кузатилмоқда. Вирус юқтирганларнинг кўпроқ аҳоли орасидан аниқланиши унинг профилактикасини қайта кўриб чиқиш, карантин тадбирларини янада кучайтиришни тақазо этмоқда.

Президентимиз томонидан 2020 йилнинг 20 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам пандемия билан боғлиқ ҳолат ҳамда уни барқарорлаштириш алоҳида таъкидланган эди. Унда коронавирус юқтирганликда шубҳа қилинган барча беморларни инфекция мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, зотилжам ва нафас етишмовчилигининг клиник белгилари мавжудлигига асосланган ҳолда даволаш муассасаларига қабул қилиш бўйича топшириқ берилди. Ўтган қисқа вақт ичида, айни вазифалар ижроси доирасида шаҳримиздаги 9 та объектда 1320 ўринли COVID-19 га шубҳали беморлар учун мўлжалланган “провизор” клиникалар ташкил қилиниб, зарурий тиббий ва бошқа жиҳозлар билан таъминланди. Уларнинг 8 таси тиббиёт муассасаларининг ўзида (1100 ўринли), 2 таси эса “Регистон” ва “Азия” меҳмонхоналарида (220 ўринли) жойлашган.

Шунингдек, яна 7 та олий таълим муассасаларига қарашли 15 та ётоқхонада 3481 ўринли, 12 та ўрта махсус, академик лицей ётоқхоналарида 2080 ўринли қўшимча захира жойлар ташкил қилинди.

Айни вақтда Олимпия захиралари спорт мажмуасини COVID-19 вируси аниқланган беморлар учун мўлжалланган 1080 ўринли шифохонага мослаштириш ишлари олиб борилмоқда. Унда барча беморлар учун ўпкани сунъий нафас олдириш мосламаларини ўрнатиш режалаштирилган.

Шаҳримизда эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласи ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Жумладан, дастлабки инвентаризация (апрель ойида ўтказилган) натижаларига кўра, шаҳримизда жами 5,6 мингга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож оила борлиги аниқланган бўлса, уларга кўрсатилган турли кўринишдаги манзилли ижтимоий ёрдам натижасида 2020 йилнинг 30 июль ҳолатига келиб уларнинг сони 915 тага камайди.

Худди шундай, муҳтож оилалардаги меҳнатга лаёқатли ишсизлар сони 3993 нафардан 475 тага етказилди. Яъни, ўтган вақтда уларнинг 3518 нафари ёки 88 фоизининг бандлиги таъминланди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга жами 5 миллиард 168,8 миллион сўмлик ижтимоий кўмак кўрсатилди. Биргина июль ойида  2590 та муҳтож оилага 1,2 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 оилага 77,6 миллион сўмлик чорва моллари, 20 та оилага 2,5 миллион сўмлик дори-дармон воситалари етказиб берилди. Эътиборлиси, “Саховат ва кўмак” жамғармасига саховатпеша тадбирокорлар ва сахий инсонлардан ҳозиргача жами 1202,7 миллион сўмлик ҳомийлик маблағлари келиб тушди ва таъминотчи корхоналардан 827,7 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиниб, муҳтожларга етказилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 июлдаги фармойиши билан "Саховат ва кўмак" жамғармаси орқали шаҳримизда "Темир дафтар"га киритилган 1348 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага зарур озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун бир марталик 1 миллион сўмдан (жами 1 миллиард 348 миллион сўм) моддий ёрдам ажратилиб, уйма-уй тарқатилди.

Шу кунларда шаҳримизда Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Унга мувофиқ, махсус шакллантирилган рўйхат асосида муҳтож оилалар аъзоларининг ҳар бирига 220 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилиши белгиланган.

Акрам ЭГАМОВ,

Самарқанд шаҳар ҳокимининг  молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари.