Самарқандда йил бошидан буён 254 та аёл зўравонликка учраган

Оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этиш эҳтимоли мавжуд шахслар билан профилактик тадбирлар самарасиз ташкил этилаётганлиги, бу борада олиб борилаётган профилактик ишлар мақсадли ташкил этилмаганлиги сабабли кўплаб хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлиши кузатилмоқда.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида Самарқанд вилояти бўйича 254 та ҳолатда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган бўлиб, ушбу тазйиқ ва зўравонлик 225 та ҳолатда оилада содир этилганлиги, ушбу тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг аксарияти олдиндан мавжуд бўлган ўзаро оилавий низолар, фойдали меҳнат билан шуғулланмаслик, шаръий никоҳсиз яшаш, спиртли ичимликка ружу қўйиш ва бошқа салбий ҳолатлар омил бўлган.

Келгусида вилоят ҳудудида яшовчи хотин-қизлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ва нисбатан содир этилаётган тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шаръий никоҳ ва эрта турмушларнинг олдини олиш, шунингдек, ҳамкорликда олиб борилаётган профилактик тадбирларнинг самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида 2020 йилнинг 20 сентябрь кунидан 20 октябрь кунига қадар вилоят миқёсида “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги” махсус профилактик тадбирлари ўтказилиши белгиланди.

Ойлик давомида жиноят содир этиш ва жиноят қурбони бўлиш эҳтимоли юқори бўлган, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг рўйхати секторлар ва маҳаллалар кесимида қайтадан шакллантирилмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни аниқлаб, уларни қийнаётган муаммолар атрофлича ўрганилиб, ҳамкорликда ижобий ҳал этиш чоралари кўрилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг оила аъзолари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, келгусида мазкур хотин-қизларга нисбатан ёки улар томонидан нохуш ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида “Ҳимоя ордери” берилиши таъминланиб, ушбу оилалар билан профилактик ишларни олиб бориш учун мураббийлар бириктирилишига алоҳида эътибор берилади.