Самарқандлик йўловчининг Қорақалпоғистондаги сирли ўлимига Бош прокуратура аниқлик қиритди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ҳайдовчи Қорақалпоқда ДАН ходимлари билан жанжалдан сўнг сирли тарзда оламдан ўтди…” сарлавҳали мақола юзасидан Бош прокуратура баёнот берди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан 2019 йил 12 ноябрда А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу” йўналишида Н.Ҳолиқовнинг мурдаси топилганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, 2019 йил 12 ноябрь куни тахминан соат 22:00 ларда Қўнғирот туманидаги божхона постида фуқаро С.Уринов бошқарувидаги “Lacetti” русумли автомашина Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХБ 3-сафарбарлик гуруҳи инспекторлари томонидан тўхтатилиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаси бузилганлиги ҳолати юзасидан баённома расмийлаштирилиши ҳақида айтилганида, автомашина йўловчиси О.Хусанов инспекторларни ҳақорат қилган.

О.Хусанов инспекторлар билан жанжаллашган вақтида автомашина йўловчиси - Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи Н.Ҳолиқов ушбу ҳолатни телефонининг видео камерасига олиш жараёнида ЙҲХБ инспекторлари ундан видеога олмаслигини сўраган. Шунда Н.Ҳолиқов ЙҲХБ инспекторлари  телефонини олиб қўймасликлари учун автомашинадан тушиб қочиб кетган.

Бироз вақт ўтганидан сўнг А-380 “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу” асфальт йўлининг 874-875 километрида (тадбир ўтказилаётган жойдан 450 метр узоқликда) Н.Ҳолиқовнинг мурдаси топилган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳум Н.Ҳолиқовнинг ўлими юрак қон томир етишмовчилиги оқибатида келиб чиққанлиги сабаб бўлган.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳолат бўйича ЙҲХБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.