СамДЧТИ ўқитувчиси франциялик талабаларга дарс берди
Самарқанд давлат чет тиллар институтида француз тили таълим йўналиши бўйича 105 нафар талаба ва француз тили мутахассислигида 5 нафар магистрант таҳсил олмоқда. Кафедрада 20 та профессор-ўқитувчи ва бир нафар хорижлик мутахассис (Мари Редарес Хоним) фаолият олиб боряпти.
– Француз тили ва адабиёти кафедраси жамоаси француз тили ва маданиятини яқиндан ўрганиш ҳамда француз тилини хорижий тил сифатида ўргатиш борасида кўплаб саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда, – дейди кафедра мудири доцент Нигорабону Сувонова. – Яқинда институт ректори И.Тухтасинов ҳамда француз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси Д.Киселев икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилаш ҳамда ҳамкор муассасаларни кўпайтириш мақсадида Францияда бўлди. Институтнинг айниқса, Франциядаги Қуйи Кан университети билан ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилган. Бизнинг ўқитувчи ва ўқувчилар мазкур олийгоҳга бориб, тажриба орттириб келмоқда. Масалан, ўтган ўқув йилида кафедрамизнинг икки нафар иқтидорли талабаси 5 ой давомида таҳсил олиб қайтди.
Яқинда француз тили ўқитувчиси Нигина Пўлатова ўз педагогик маҳоратини намоён қилиб, “Erasmus+International Credit Mobility” номли халқаро грант доирасида Франциянинг Кан Нормандия университети талабаларига бир ҳафта давомида француз тили фани бўйича дарс ўтди. Шунингдек, француз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси С.Қўчқорова Erasmus+ лойиҳаси доирасида 2018 йилнинг июнь ойида Франциядаги шу университетда тажриба орттириб қайтди.
Таъкидлаш жоизки, институтнинг француз тили йўналиши талабалари орасидан ҳар йили 3-4 нафари Франциядаги “Lions Club” (Франциянинг халқаро франкофонлар маркази) иштирокчиси сифатида бир ойлик ёзги таътил амалиётида қатнашиб, сертифакатларни қўлга киритмоқда. Шунингдек, институтда мунтазам Самарқанд шаҳридаги “Orient Voyage” сайёҳлик фирмаси билан ҳамкорликда Франциялик сайёҳлар билан учрашувлар ўтказилади. Айни пайтда институт қошида Француз альянсининг филиалини ташкил этиш борасида музокаралар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, француз тили таржимасига ҳам институтда эътибор катта. Масалан, кафедра профессори Ибодулло Мирзаев француз тилшунослиги борасидаги иккита дарсликни ўзбек тилига таржима қилди. Кафедра мудири Н.Сувонова Ислом Каримовнинг юзта ҳикматли сўзини француз тилига таржима қилди. Шунингдек, ўқитувчи С.Қўчқорова ва Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси совриндори, 3-босқич талабаси Х.Файзуллаев “Ўзбек халқ эртакларининг французча таржимаси” номли китобни нашрдан чиқарди. Мазкур таржима француз тилида сўзлашувчи ҳалқларнинг ўзбек халқи маданияти билан яқиндан танишишга янада ёрдам беради.
Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан Ўзбекистон ва Франция таълим тизими доирасида амалга оширилган ҳамкорлик алоқалари келгусида икки давлат муносабатларини янада мустаҳкамлашига ишонамиз.