СамДЧТИда Инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш маркази очилиши режалаштирилди
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиёда Фулбрайт (Fulbright Programs) дастурлари бўйича координатори Жулиа Финдлай дастур доирасида Ўзбекистон олийгоҳларида олиб борилаётган ишлар билан танишиш ва келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Самарқанд давлат чет тиллари институтида бўлди.
Учрашув доирасида СамДЧТИ ректори И.Тўхтасинов АҚШ элчихонаси билан ўзаро ҳамкорлик борасида ўз таклифларини билдирди.
- Институтимизнинг АҚШ элчихонаси билан ҳамкорлик алоқаларининг йўлга қўйилгани талабаларнинг инглиз тилини мукаммал ўрганишида муҳим аҳамият касб этмоқда, - дейди И.Тўхтасинов. – Жумладан, 2015-2019 йиллар давомида Шимолий Аризона университети ўқитувчиси Эндрю Мобс, Блюдата халқаро институти ўқитувчиси Элис Британ ҳамда Ретер Барсумларнинг фаолияти, талабаларга ўргатганлари эътироф этишга арзийди. Бу борада ҳамкорликни ривожлантирган ҳолда инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш тестларини ташкил этиш маркази фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, учрашув иштирокчилари АҚШ элчихонаси томонидан ташкил этилган “Америка адабиётлари маркази” фаолияти ва унга тақдим этилган 700 дан ортиқ замонавий инглиз тили ўқув адабиётлари билан танишди.
К.АБДУҲАКИМОВА,
СамДЧТИ талабаси.