Шавкат Мирзиёев Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 март куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида икки мамлакат етакчилари бир-бирларини ҳамда қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларини яқинлашиб келаётган баҳор, яшариш ва янгиланиш байрами – Наврўз билан самимий қутладилар.

Ушбу айём азалдан ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик ришталари, муштарак тарих, маданият ва анъаналар билан чамбарчас боғлиқ бўлган халқларимиз маънавий-маданий яқинлигинининг ифодаси экани алоҳида таъкидланди.

Мамлакатларимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, шунингдек, унинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётга ҳамда кўп қиррали Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг бугунги суръатига салбий таъсирини камайтириш борасида кўрилаётган қатъий чора-тадбирлар тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Ҳукуматлар даражасида саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш ва яқиндан ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Мулоқот чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.