Шавкат Мирзиёев Путинни туғилган куни билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари россиялик ҳамкасбини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилади.

Президент Владимир Путин раҳбарлигида Россиянинг барқарор тараққиёти таъминланаётгани, аҳоли фаровонлиги муттасил ошиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

Томонлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, бугунги кунда улар сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойиганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Давлат раҳбарлари эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида амалга ошириш, ўзаро савдо ҳажмини кўпайтириш, инвестиция, фан-техника, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш муҳим эканига эътибор қаратдилар.

Президентлар самарали парламентлараро, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқаларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Мулоқот сўнггида давлат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шерикликни мамлакатларимиз ва халқларимиз фаровонлиги йўлида янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини тасдиқладилар.