Шавкат Мирзиёев Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашди.

Тадбирда Туркия савдо палаталари ва биржалари уюшмаси, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА), «Гебзе» уюшган саноат зонаси, «Зираат» банки, «Зорлу холдинг», «Жошкуноз холдинг», «Экзачибаши», «Байкар», «Дунягоз», «Канимед саглик», «Бау глобал», «Хавелсан» каби қатор компаниялар вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Туркия Президенти билан ўтган музокараларда бизнес алоқаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олинганини таъкидлади.

- Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас. Бугун мамлакатимизга кирган компания албатта, манфаат топади. Мен бунга кафолат бераман. Бунинг учун зарур ҳуқуқий, институционал шароитлар яратиб берилади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда туркиялик ишбилармонлар ўтган йили Ўзбекистонга боргани, иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўзгаришларга, одамларда «ислоҳотлар тафаккури»га гувоҳ бўлганини таъкидлади. Ўзбекистон бозорига кириш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятида эканини билдирди.

Охирги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробардан зиёдга ортди. Қўшма ширкатлар сони салкам мингтага кўпайди. Транспортда ташиш кўламлари жадал кенгайиб бормоқда.

Бугунги кунда Туркия компаниялари мамлакатимизда қурилиш, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Бунда қўшма сармоявий лойиҳалар ижроси назоратга олингани, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш рағбатлантирилаётгани муҳим омил бўлмоқда.

Масалан, 2019 йилда Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси иштирокида Навоий иссиқлик электр станциясининг иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди.

Мамлакатимизда 1993 йилдан буён ваколатхонаси фаолият кўрсатаётган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги юртимиздаги тиббиёт ва таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилишида фаол қатнашиб келмоқда. 

Туризм ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан. Туркиялик фуқаролар учун Ўзбекистонда визасиз режим жорий этилгани ва юртимизда зиёрат туризмига қулай шароитлар яратилаётгани сайёҳлар оқими кўпайишига сезиларли таъсир кўрсатди. “Самарқанд-Истанбул” йўналиши бўйича қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилди.