Шерзод Шерматов: «Мажбурий обуна бекор қилинди, дегани газета ўқимаслик керак дегани эмас»

Куни кеча Халқ таълими вазирлигида вазирлик томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, туман(шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ҳамда тизимдаги республика ташкилотлари раҳбарларининг роли ва масъулияти, белгиланган чора-тадбирларнинг натижадорлигини муҳокама қилишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилади «Марифат» газетасининг marifat.uz расмий веб-сайти.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан вазирлик тасарруфидаги газета ва журналлар таҳририятлари раҳбарларининг ўз фаолиятига замонавий бозор механизмларини жорий этиш, нашрларни муштарийларга етказиб бериш тизимини қайта кўриб чиқиш ва фаолиятини ривожлантириш юзасидан таклифлари тингланди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов масалага тўхталар экан, мажбурий обуна бекор қилингани газета ўқимаслик керак, дегани эмаслигини алоҳида таъкидлади. Йиғилишда ўқитувчи-педагогларни тизимдаги янгиликлардан хабардор қилиб бориш, уларнинг ўз устида мустақил ишлашини таъминлашда матбуот нашрларининг ўрни катта эканини назарда тутган ҳолда, газета ва журналларни обуначиларга тезкор, қулай ва арзон нархларда етказиб бериш масалалари муҳокама этилди.

Мажбурий обунага чек қўйилиши натижасида турли тушунмовчиликлар келиб чиқиб, ўқитувчилар ўз фаолиятида асқотадиган таълимий нашрларга ҳам обуна бўлишга ҳадиксираб қолган эди. Йиғилишда муҳокама этилган масалалар таълим нашрларини янада ривожлантиришга, бу орқали педагогларни мунтазам равишда сифатли услубий-методик ёрдам ва зарур ахборотлар билан таъминлаб боришга хизмат қилади.

Йиғилишда мутасаддиларнинг Халқ таълими вазирлиги тизимидаги кам коэффициентли мактаблар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда таълим сифатини ошириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларнинг самарадорлиги, Тошкент шаҳар ХТББда ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг кўриб чиқилиш ҳолати тўғрисидаги ҳисоботлари ва бошқа масалалар муҳокама этилди.