Шерзод Шерматов: Сайловда таълимга ҳақиқий ёрдам берадиган номзодларнинг ютишидан манфаатдормиз

Ҳар сайловда ташкилий масалаларга энг катта ҳисса қўшадиганлар халқ таълими тизими ходимларидир. Чунки 75 фоиз сайлов участкалари мактабларда жойлашган (бу йил мактаблардаги сайлов комиссияси раиси ва аъзоларига алоҳида компенсация пули ҳам бериладиган бўлди).

Аввало, шунча меҳнат қилиб, сайловларни беминнат ташкил этишда ёрдам кўрсатаётган барча тизим ходимларига миннатдорчилик билдирамиз. Энди уларнинг шунчалик меҳнати учун ҳам сайловларда қатнашиб, ўз ҳуқуқингиздан фойдаланинг!

Фақат илтимос, номзодлар орасидан айнан мактаб учун, ўша сайловда хизмат қилган халқ таълими ходимлари учун ҳақиқатда ёрдам бера оладиганлари бўлса, айнан ўшаларга овоз берган маъқул.

Агар сиз танлаган номзод Олий Мажлис депутати бўлса, давлат бюджетидан маблағни айнан таълим тизимига йўналтириш бўйича овоз берса, шунингдек, номзод маҳаллий Кенгаш депутати бўлса, унда таълимга маҳаллий бюджет маблағларини йўналтира олади.

Бюджетдан маблағ кутадиган бошқа соҳалар кўп. Аммо айнан таълимни устувор қилиб, кўпроқ ушбу тизимга эътибор қилишнинг аҳамияти бебаҳо.

Шунингдек, сайловда ютиб чиққанларидан кейин депутатлар ўша мактабларга, у ердаги педагогик жамоага келгуси 5 йил давомида жуда бўлмаса, йилига бир маротаба келиб, амалий ёрдам бериб кетади, деб умид қиламиз. Ҳар ҳолда мактабларга ёрдам умуммиллий ҳаракатга айланиши кераклиги ҳақида Президентимиз томонидан бир неча бор таъкидлаб ўтилганди.