Сингапур фуқароси уй карантини қоидаларини бузганлиги учун фуқароликдан маҳрум қилинди
Карантин қоидалари бузилиши билан боғлиқ бундай жазо дунё тажрибасида ҳали қўлланилмаган эди, деб хабар бермоқда мамлакатнинг миграция ва назорат бошқармаси.
“19 март куни 53 ёшли Го Илья Виктор Индонезиядан Сингапурга қайтиб келган. Ҳукумат топшириғига биноан, унга 14 кун уй карантинида ўтириши тушунтирилган. Кўп ўтмай у яна мамлакат ҳудудини тарк этган, Сингапурдан чиқиб кетишида унга жазо қўлланилиши тўғрисида огоҳлантириш берилган. Бироқ у 24 март куни яна мамлакат ҳудудига киришга ҳаракат қилган”, дейилган бошқарма баёнотида.
Фуқаро томонидан йўл қўйилган қоидабузарликларни ҳисобга олиб, мамлакат ҳукумати мазкур фуқарони фуқароликдан маҳрум қилиш чорасини қўллаш қарорини қабул қилди.
Сингапур ҳукумати 23 март санасидан бошлаб, доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлмаган хорижий фуқаролар учун мамлакатга киришни ва транзитни тўхтатди. 29 март ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 800 кишидан иборат бўлиб, улардан 200 нафари бутунлай соғайиб кетган. Мамлакатда дастлабки касалланиш ҳолати 23 январ куни қайд этилган. Ўшандан буён бор-йўғи икки нафар бемор коронавирус оқибатида вафот этган.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида карантин қоидаларини бузилишига қарши қатъий чоралар қўлланилмоқда.
Австралияда коронавирус юқтирган фуқаролар, уй карантини қоидаларига амал қилмаган ҳолларда бир йилгача озодликдан маҳрум этилиши ёки 50 минг АҚШ доллари қийматидаги жаримага тортилиши мумкин.
Аргентинада карантин қоидаларига амал қилмаган фуқаролар 3 йилдан 15 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум этилади ва 100 минг Аргентина песоси (1.6 минг доллар) қийматида жаримага тортилади.
Италияда махсус рухсатномасиз кўчага чиққан фуқаро уч ойгача озодликдан маҳрум этилади ёки 206 евро қийматидаги жаримага тортилади.
Испаниядан эълон қилинган фавқулодда вазият қоидаларига амал қилмаган шахслар 1.5 минг евродан 6000 еврогача бўлган жарима тўлайди.
Хитойда карантин қоидаларига амал қилмаган шахсларга нисбатан уч йилгача бўлган қамоқ жазоси ёки жарима қўлланилади.