Тадбиркорларга шошилинч ёрдам кўрсатишга қаратилган телеграм-бот ишга туширилади

Бу ҳақда Республика Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев самарқандлик тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди.

Учрашувда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Раҳимов, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, банклар, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Бош прокурор ўринбосарининг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг бугунги кундаги сиёсатида фуқаролар фаровонлиги асосий ўринни эгаллайди. Агар  барқарор иш ва даромад бўлса  бюрократия, порахўрлик бўлмаса, демак, ҳуқуқбузарликларга ҳам ўрин қолмайди.

Президентимиз бошчилигида жорий йилнинг 12 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган эди. Мазкур йўналишга Бош прокурор ўринбосари масъул этиб тайинланди. Республикада инвестицияларни жорий этиш, ташқи савдо, маҳсулот экспорти ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 20 та штат бирлиги ажратилди. Вилоятларда эса вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси бу ишга масъул бўлади.

Йиғилишда таъкидланишича, ҳукумат комиссияси томонидан тадбиркорларнинг тизимли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича онлайн платформа ишга туширилади. Телеграм бот “Тез ёрдам” деб номланиши режалаштирилган. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тадбиркорлар ўз муаммолари ҳақида мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Ҳар бир мурожаат зудлик билан кўриб чиқилади ва ҳал қилинади.

Учрашувда иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвестиция фаолиятининг истиқболли йўналишларини белгилаш, иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, туман ва шаҳарларнинг сармоявий салоҳиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун ҳар бир сектор раҳбари масъул ҳисобланади.

Тадбирнинг иккинчи қисми савол-жавоб тарзида ўтди. Тадбиркорлар комиссия раҳбарияти ва вилоят ҳокимига мурожаат қилиб, фаолиятида юзага келган муаммоларини билдирди. Ҳар бир масала республика, вилоят мутасадди идоралари вакиллари иштирокида муҳокама этилиб, уларнинг талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган мақсадли ечимлар ишлаб чиқишга қарор қилинди.