Таълим платформаси янги ўқув йили учун янада такомиллаштирилди
Март ойида мамлакатимизда карантин қоидалари жорий этилиб, вазият тақозосига кўра, апрель ойидан барча олий таълим муассалари масофадан ўқитиш тизимига ўтказилди. Дунёнинг тараққий этган мамлакатларида аллақачонлар бу тизим муваффақият билан амалга оширилмоқда. Жумладан, Европа, Осиё ва Америка қитъасининг ўнлаб олий ўқув юртларида бу шакл энг илғор ва замонавий деб тан олинган. Ўқув йилининг сўнгги семестрини шу тахлит якунладик, имтиҳонлар масофавий шаклда онлайн топширилди, диплом ишлари ҳимоясини ҳам шундай ўтказдик. Бу жараёнларга бизда бир неча йиллардан буён тайёргарлик кўриларди. Пандемия бу жараёнларни тезлаштирди ва барча олий таълим муассасаларида бу иш бир пайтда ва шошилинч тарзда амалга оширилди.
Ёзги таътил давомида камчилик ва хатоларимизни ўргандик, таҳлил қилдик, мутахассисларнинг, талаба-ёшларнинг фикрлари, мулоҳазалари ва хулосалари билан танишдик, қолаверса, самарали усуллар устида ишладик. Шу асосда янги модуль платформасига ўтишга қарор қилинди. Эски платформадаги барча жамланган маълумотлар, маърузалар, лаборатория ишлари, видео ва бошқа захиралар янгисига ўтказилди, такомиллаштирилди.
Бу жараёнда камчилик ва хатоларимизни яққол англадик. Аммо олдимизда яна бир муаммо пайдо бўлди: эски платформада бир нарсани инобатга олмаган эканмиз. Яъни, ҳар бир ўқитувчининг дарс ўтиш услуби бор, уларнинг машғулотлари бошқа ўқитувчиникидан ажралиб туради. Янги модуль платформасида барча жиҳатлар эътиборга олиниб, дарслар талабалар учун янада қизиқарли ва самарали бўлишига эътибор қаратилди. Ҳозирда ҳар бир ўқитувчи ўзининг фанини ўзи кузатиб боради, ҳар бир дарс-машғулотда ўқитувчи янгилик киритиб бориши талаб этилади. Ҳар бир кафедрага нечта фан, қанча дарс соати қўйилган бўлса, дарсларини видеомаърузалар ва турли кўргазмали ўқув қуроллари воситасида олиб бориш лозим. Дарслар лабораторияда ўтказилиб, бирор ҳайвонни кўрсатган ҳолда маъруза қилинадиган бўлса, демак шундай қилиш керак.
Платформа талаб даражасида такомиллаштирилди. Юқорида айтилган фикрлар 2 дан 4 курсгача бўлган бакалавриат ва 2 курс магистрлар учун жорий этилган бўлса, 1 курслар учун янада такомиллаштирилган тизим яратилди.
Биринчи курсларда кредит модуль тизими жорий этиляпти. Республикамизнинг 35 та олий таълим муассасаларида бу тизим амалга оширилади. Улар орасида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳам бор. Бу ишни ташкил этишда бизга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ректорлар кенгаши яқиндан ёрдам бермоқда. Тизимга ўтишнинг шарт ва талаблари, жаҳондаги илғор тажрибалар ўрганилди. Фақат ўзимизгагина хос бўлган жиҳатлар таҳлил этилди ва шу асосда ўзимизнинг ўқув режамизни тайёрладик. Ўқув режаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этилди.
Бир сўз билан айтганда, янги ўқув йили учун жамоамиз билан биргаликда анча меҳнат қилинди. Бунинг самараси ўқув йили давомида ўз самарасини беради, деб умид қиламан.
Худайназар ЮНУСОВ,
Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори.