Таптортмас тажрибачилар: улар ўз танасига электрон қурилмаларни жойлаштиришдан қўрқмади
Сиздан минглаб километр узоқликда, бошқа ярим шарда зилзила содир бўлаётганини бутун вужудингиз билан ҳис қилишни ёки барча эшиклар калитсиз очилишини истайсизми? Ёки терингиз остида сирли равишда светодиодлар милтиллаб туришини тасаввур қила оласизми? Маълум бўлишича, дунёда ана шундай “қобилиятларга эга” таваккалчи одамлар бор экан.
AdMe.ru оддий инсоний қобилиятлар камлик қилган, ўз таналари устида тажриба ўтказишдан қўрқмасдан ўзларини тубдан ўзгартиришга қарорқилган одамлар ҳақида ҳикоя қилади.
Нейл Харбиссон
Нейл Харбиссон ахроматопсия - рангларни ажрата олмаслик касаллиги билан туғилган. Ушбу касаллик жуда кам учрайди - 33 минг кишига 1 та ҳолат. Нейл дунёни фақат оқ ва қора рангда кўради. Болалигида у мактабга бир-бирига мос келмайдиган пайпоқ ёки жуда ёрқин кийимларда келганлиги сабабли синфдошлари унинг устидан кулишган. Энди Нейл ўзини “киборг одам” деб атайди: унинг бош суягига турли рангларни ўқий оладиган ва уларни маълум товушлар тўпламига айлантирувчи “электрон кўз” махсус қурилма ўрнатилган.
Мун Рибас
Раққоса ва хореограф Мун Рибас ўзининг қўлига дунё бўйлаб сейсмик фаолликни аниқловчи ва бирор жойда зилзила содир бўлганда тебранишларни узатувчи махсус чипни тикди. Муннинг айтишича, чип унга сайёрадаги тебранишларни одамларга ўз рақслари орқали етказишга ёрдам беради. Бошининг орқа қисмида ўрнатилган махсус датчиклар бошқа раққосалар унга яқинлашганда сигнал беради.
Қиз, шунингдек, одамларни киборгга айлантириш ғоясини илгари сурувчи ва протез ва имплантларга эга бўлганларга ёрдам берадиган Cyborg Foundation жамғармасининг ҳаммуассиси ҳисобланади.
Тим Кэннон
Тим Кэннон каби одамларни "биохакер"лар деб аташади. Йигит тери остига тана ҳарорати ва қон босимини кўрсатиб турадиган симсиз компьютер чипини тикди. Агар эгаси қийин кунни бошдан кечирган бўлса, махсус дастур у ишдан келадиган пайтда уйни тайёрлайди – чироқлар ёруғлигини пасайтириб, ваннани тўлдириб қўяди.
Кэннон одамларни киборгга айлантирувчи қурилмаларни ишлаб чиқарадиган Grindhouse Wetware компаниясига асос солган, у ёритгичли имплантлар келажакда қондаги глюкоза даражаси ва юрак хуружини тезда аниқлаб, маълумотларни узатиши ва инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигига ишончи комил. Компания, шунингдек, 3D-принтерда босиб чиқариш мумкин бўлган сунъий юрак яратишни режалаштирмоқда.
Жерри Жалиава
Хельсинкилик Жерри Жалиава мотоциклда кийик билан тўқнашиб автоҳалокатга учради ва бармоғининг бир қисмидан ажралди. Энди дастурчи ноодатий қурилма – USB-бармоқ эгаси: у оддий протезга 2 гигабайтлик флеш-дискни жойлаштирди. Жерри қурилмадан ниҳоятда мамнун: бундай флешка жуда қулай ва у ҳеч қачон йўқолмайди.
Роб Спенс
Канадалик Роб Спэнс 9 ёшида жароҳат олиб, бир кўзидан айрилган. Улғайгач Роб режиссёр касбига эга бўлди ва видеокамера орқали ғайриоддий кўз протезини яратишга қарор қилди. Биохакер муҳандисларининг бутун жамоаси бу прототип устида ишлади. Биринчи ишлаб чиқарилган сунъий кўз шаффоф эди - протез ичида симлар ва мини камера кўриниб турарди. Энди қурилма оддий кўзга ўхшайди, фақат кўз қорачиғи ўрнига камера объективи туради. Режиссёр ўзини “айборг” деб атайди. У Ford, Absolut Vodka ва Volvo каби компаниялар билан ҳамкорлик қилади ва атрофда кўрган ҳамма нарсасини кўз камераси ёрдамида суратга туширади.
Кевин Уорвик
Буюк Британиянинг Ковентри университетининг кибернетика профессори Кевин Уорвик 20 йилдан бери чиплар билан ишлайди. Унинг биринчи импланти эшикларни очарди, ёруғлик ва иситишни ёқарди. Бироқ кейин олим ўзига нисбатан анча хавфлироқ тажриба ўтказди: нейрохирурглар унинг билагидаги асаб тизимига тўғридан-тўғри юз бошоқли электродли чип ўрнатишди. Шундан сўнг профессор қўлининг барча ҳаракатларини қайтарадиган махсус механик қўлни бошқара олди.
Кейинги тажрибада махсус чиплар Уорвик ва унинг рафиқаси танасига жойлаштирилди. Профессорнинг таъкидлашича, натижа электрон телепатияга ўхшайди: у узоқдан рафиқаси нима қилаётганини ҳис қилади. Энди Уорвик фалаж одамларнинг миясига чип ўрнатишни режалаштираяпти, шунда улар ногиронлар аравачасини тафаккур кучи билан бошқара олишга муваффақ бўлади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.