Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Темурийлар даврида қўғирчоқбозлик орқали салбий иллатлар намойиш этилган

Темурийлар даврида халқ санъатининг барча турлари кенг ривожланган. Айниқса, дорбозлар, қўғирчоқбозлар, коса ўйновчилар, соққабозлар ўйинлари халқ орасида оммабоп бўлган. Бу каби халқ санъатининг моҳияти ва эришган даражаси Ҳусайн Воиз Кошифий асарларида батафсил  шарҳлаб берилган.

Ҳусайн Воиз Кошифий (1442/46-1505) ислом динининг йирик назариётчиларидан бири бўлиши билан бирга фалсафа, ахлоқ, тилшунослик, адабиётшунослик, сиёсат, тарих, астрономия, нотиқлик санъати, тиббиёт каби соҳаларга оид 200 дан ортиқ асар ёзган. Алишер Навоий Ҳусайн Воиз Кошифийнинг истеъдодини юқори баҳолаб, уни ўз ҳимоясига олади, унга яқиндан ҳомийлик қилади.

У «Футувватномаи султоний ёхуд жавонмардлик тариқати» асарида  томоша кўрсатувчиларни уч тоифага ажратади: коса ўйновчилар, қўғирчоқбозлар ва соққабозлар. Ҳусайн Воиз Кошифий тариқат аҳли учун ҳам бу томошаларнинг аҳамиятини тушунтириб ўтади. Қўғирчоқбозлик санъатининг моҳиятини қуйидагича изоҳлайди: «Эй азиз, билгилки, соҳибдил дарвешлар қўғирчоқ ўйинидан кўп рамзу ишоратлар ўқиб, дунёнинг сир-синоатини фаҳмлаб, ҳийла ҳақиқатларни кашф этибдирлар. Шуни билиш лозимки, шаклу шамоил, сурат оламида зуҳур этадиган нарсалар ҳазил-мутойиба бўлса-да, аммо моҳият-мазмунига кўра, улар жиддий ҳақиқатларни англатадилар.

Кошифий қўғирчоқ ўйини (қўғирчоқбозлик) фақат кўнгилочар, ҳазил-мутойибали томоша эмас, балки ҳажв ва юмор орқали ижтимоий жараёнларда содир бўладиган ёки инсонлар фаолиятида намоён бўладиган баъзи бир салбий иллатларни очиб бериш ва бундан томошабинларга ибрат олишга ундайдиган санъат тури эканлигини таъкидлайди.

Шунингдек, томоша кўрсатувчи полвонлар: кураш тушувчилар, тошотарлар, дорбозлар, кучини намойиш қилувчилар (зўргарлар) ҳақида ҳам ўз асарида тўхталиб ўтган: “Билгилки дорбозлик улуғ бир касбдир ва бу ишнинг усталари покиза ахлоқлик, пок ва ростгўй бўлишлари керак. Бу ишда иккита асбоб муҳим – бири арқон, иккинчиси мизон (тарози). Арқон кўприк ўрнида бўлса, мизон адолат тарозиси ўрнидадир”. Бу ерда мизон деганда лангарчўп назарда тутилган.

Кошифий халқ томошалари, хусусан, қўғирчоқбозлик санъати ўрта асрларда қанчалик оммавий бўлганлигини ўз асарларида кўрсатиб берган. Бу халқ санъат тури фақат енгил ҳазил-мутойиба эмас, балки чуқур фалсафий мазмун ва тарбиявий аҳамият касб этишини ҳам тушунтирган.

У қўғирчоқ ўйнатувчилар ҳақида шундай дейди: «Агар қўғирчоқбозликнинг шартлари нимадан иборат, деб сўрасалар, айтгил: асосий шарти шуки, қўғирчоқ ўйнатувчи доно бўлсин ва ҳақиқатдан баҳра топсин». Мантиқий ва танқидий тафаккурга эга бўлган қўғирчоқ ўйнатувчигина жамиятда содир бўладиган ёки кишилар феълида учраб турадиган салбий иллатларни англамоғи ва қўғирчоқлар тимсолида ҳазил-мутойиба орқали кишиларга шундай етказмоғи керакки, томошабинлар бундан ибрат олиб хулоса чиқарсин.

Қўғирчоқ санъатида ишлатиладиган саҳналар ва уларнинг зоҳирий маъно касб этишини эса қуйидагича таъкидлайди: «Агар(хайма) чодир нимага ишора  қилади, деб сўрасалар, бу инсон баданига ишора, деб жавоб бергил. Чунки инсон ичидан ҳар лаҳзада юз хил қўғирчоқлар бош кўтаради ва тилга киради. Бу хайма, яъни бадан ичида турли феъл-равишлар бўлса-да, бироқ буларнинг ҳаммаси ягона қудратнинг санъати, ижодидан бошқа нарса эмас. Агар пештахта (сандиқ) нимага ишора этади, деб сўрасалар, одамзод қалбига ишорадир, деб айтгил. Зеро, қалб ажойиб сандиқ бўлиб, одамнинг аҳволи, хислатларидан нишона бериб туради. Шу боис, ҳам уни «қалб»деганлар (араб тилида қалб сўзи ўзгарувчи, эврилувчи, деган маъноларни беради).

Тарихга назар ташласак, юртимизда қўғирчоқ театри (қўғирчоқбозлик санъати) салкам йигирма асрлик тарихга эга. Европада дастлаб Италияда ХVI асрдан, Россияда эса XVIII-XIX асрдан бу санъат қайд этилган. Кўриниб турибдики, Марказий Осиё халқлари қўғирчоқ театри санъати ривожи бўйича Европа давлатлари ва Россияга нисбатан бир неча аср аввал ютуқларга эришган.

Акрам Азизқулов,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ижтимоий фанлар кафедраси мудири.

Акбар Алимов,

СамИСИ ўқитувчиси.