Тест синовлари натижаси бўйича апелляция шикоятлари 14 сентябргача онлайн қабул қилинади

Қонунчиликка кўра, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар апелляция комиссиясига апелляция шикоятини бериш ҳуқуқига эга.

ОТМнинг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида иштирок этган ва натижасидан норози абитуриентлар apellatsiya.dtm.uz сайти орқали апеллация шикояти беришлари мумкин.

Апелляция аризалари 14 сентябргача онлайн қабул қилинади. Бунда апелляция аризасини бермоқчи бўлган абитуриент дастлаб сайтнинг “Bakalavr-2021” бўлимига кириб, паспорт серияси ва рақами ҳамда шахсий идентификация рақамини киритиши лозим.

Агар абитуриент ҳақиқатдан ҳам тест синовларида иштирок этган ва тест синовларидан четлатилмаган бўлса, апелляция аризасини бериши мумкин бўлади ва ариза бериш ойнаси очилади.

Ушбу саҳифага тегишли маълумотлар киритилгач, апелляция аризаси берилади.

Апелляция аризасини берган абитуриентларга уни кўриб чиқиш санаси ва вақти кўрсатилган хабарнома берилади. Абитуриент хабарномада белгиланган вақтда қуйидаги ҳужжатлар билан ДТМга келиши шарт:

• шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

• хабарнома;

• абитуриент рухсатномаси.

Апелляция шикояти апелляция комиссияси томонидан фақат абитуриент иштирокида, унинг ёзма жавоблари асосида кўриб чиқилади.

Апелляция шикоятларини кўриб чиқиш 2021 йил 7 сентябрдан бошланади.