Тизим “Халқ прокуратураси” бўлади

Самарқанд вилоят прокуратураси органлари фаолиятини ташкил этишда ўтган йили асосий эътибор қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарорлари, шунингдек, учрашувлар ва ҳудудларга амалга оширган ташрифларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, тизимли камчиликлар ҳамда аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилди.

Хусусан, қонунлар ва Президент қарорлари ижросини таъминлаш борасида кўрилган чоралар, давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг ўрганилиши натижасида 7,1 мингга яқин прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди ва 2 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокурорларнинг қарори ва тақдимномаси асосида 2,3 минг нафар шахслар интизомий, маъмурий, моддий жавобгарликка тортилди, ноқонуний қарорларга 1,6 мингта протест келтирилди ҳамда судларга 27,4 миллиард сўмлик 869 та даъво аризалари киритилди.

Ўтказилган текширув ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 21 миллиард сўмлик зарарларнинг ундирилиши ҳамда маҳаллий бюджетга тушиши таъминланди.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини, камбағал аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, прокурорлар раҳбарлигидаги секторларга бириктирилган 290 маҳаллада истиқомат қилаётган 1 миллион 58 минг аҳоли, 230 минг 694 та оиладан 12 минг 909 таси (58 минг 167 нафар оила аъзолари) “эҳтиёжманд оила” сифатида рўйхатга олинган. Уларнинг моддий таъминоти, яшаш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш ва камбағалликдан чиқариш мақсадида 6,2 миллиард сўмлик озиқ-овқат, 381,1 миллион сўм нақд пул, 33,9 миллион сўмлик дори-дармон тарқатилган.

Бундан ташқари, мингга яқин оилага 639,4 миллион сўмлик чорва моллари, 652 оилага 775,5 миллион сўмлик бошқа кўмаклар берилган.

Амалга оширилган ишлар натижасида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан 2-секторлар тақдим этган материалларнинг ҳаққонийлиги ўрганилган ҳолда 2 минг 12 оила камбағаллик тоифасидан чиқарилган.

Прокурорларнинг амалий ёрдами билан ўтказилган 22 та меҳнат ярмаркаларида 597 нафар, шундан 252 нафар аёл иш билан таъминланиб, 1152 кишига ҳуқуқий маслаҳат берилган.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган назорат тадбирлари давомида 400 дан ортиқ назорат ҳужжатлари қўлланилиб, ноқонуний буйруқ ва қарорларга 396 та протестлар келтирилди. Ишчи-ходимларнинг манфаатларини кўзлаб судларга 31 та даъво аризалари киритилди, 283 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 8 та жиноят иши қўзғатилди.

Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 552 таси яраштирилди, шунингдек, шаръий никоҳ асосида яшаётган 885 оиланинг никоҳлари расмийлаштирилиб, 15 та эрта никоҳнинг олди олинди.

Биринчи даражали тўловларнинг вақтида тўлиқ тўланиши бўйича ўтказилган текширишларда 21 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, 6 та жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, судларга 24 та даъво аризалари киритилиб, 65 миллион сўмлик иш ҳақлари ундирилган ҳамда 59 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланиб, жиноят оқибатида етказилган 272,7 миллион сўмлик зарар ундирилган.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш борасида ўтказилган тадбирлар давомида ноқонуний қарорларга 22 та протест келтирилди. 16 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиб, 3 та жиноят иши кўзғатилди.

Тадбиркорлар муаммоларини бартараф қилиш юзасидан 13 тасига 458 гектар ер майдони, 249 тасига кредит, 3 тасига бино ажратиш, 281 тасига коммуникация тармоғига уланиш, 56 тасига лицензия ва рухсатнома расмийлаштириш каби амалий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари, 519 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 1512 та янги иш ўринлари яратилди, 259 та тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди.

Вилоят бўйича маҳаллий ва чет эллик инвесторларнинг 135 тасига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, 91 тасига кредит ажратиш, 60 тасининг кредитни тўлаш муддатини узайтириш, 12 тасига чет элдан мутахассис олиб келиш, 11 тасининг коммуникация тармоқларига уланиши, 38 тасига лицензия ва рухсатномалар расмийлаштирилиши таъминланди.

Прокурорлар томонидан бу борада ўрнатилган назорат тадбирлари натижасига кўра, 4 нафар мансабдор шахслар (туман ҳокимларининг ўринбосарлари) интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.

Экспортёр корхона раҳбарлари билан ўтказилган учрашувларда 100 та муаммо аниқланиб, шундан, 91 тасига 541,7 миллиард сўм кредит, 14 тасига 16,7 гектар ер майдони ажратиш, 6 тасига солиқ ва божхона, 3 тасига коммуникация, 2 тасига кадастр, 5 тасига рухсатнома олиб беришда амалий ёрдам кўрсатилди.

Мазкур йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 22 та мувофиқлаштирувчи кенгашлари ўтказилди, суриштирув ва тергов органларининг 665 та қарорлари бекор қилинди, зарур процессуал ҳаракатларни ўтказиш ҳақида 1989 та ёзма кўрсатмалар берилди.

Жиноятчилик профилактикаси борасида 4 минг 385 ишсиз, ночор, низоси мавжуд оилалар, қўни-қўшнилар, 1484 ёлғиз аёллар, 8 минг 751 та ичкиликбозлик ва гиёҳвандликка ружу қўйганлар каби 71 минг 975 нафар шахснинг рўйхати шакллантирилиб, олиб борилган тадбирлар давомида уларнинг 1584 та муаммоси ҳал қилинди, 1156 та муқаддам судланганлар иш билан таъминланди.

Вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармасининг қўшма фармойиши асосида туманларда 272 та микроҳудудлар ташкил этилиб, уларга бириктирилган прокуратура, департамент ва ИИБ ходимларига профилактик тадбирларни сифатли ўтказиш вазифаси юклатилди.

Хавфсиз шаҳар концепциясини жорий қилиш мақсадида жами 1 минг 52 нафар ИИБ ходимлари, 164 нафар жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар 3 сменада хизмат ўташи белгиланган. Амалга оширилган ишлар натижасида қотиллик (24,2 фоиз), шунингдек, вояга етмаганлар (3 фоиз), гуруҳлар (1,4 фоиз) ва талабалар (16,7 фоиз) томонидан содир этилган жиноятларнинг сезиларли даражада камайишига эришилди.

Шу даврда бевосита прокуратура органлари томонидан 1328 та жиноят ишлари юзасидан тергов ўтказилди. Келиб тушган 1965 та жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар асосида 201 та жиноят ишлари қўзғатилди, 1840 таси бўйича терговга қадар текширувлар ўтказилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан 7 минг 824 нафар, шундан шахсан прокурорлар томонидан 3 минг 454 нафар ва ўринбосарлар томонидан 2 минг 670 нафар фуқаро қабул қилинган.

Жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида ноқонуний ҳужжатларни бекор қилиш ёки қонун талабларига мувофиқлаштириш тўғрисида 46 та протест, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш тўғрисида 13 та тақдимнома киритилган. Шунингдек, 64 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилиб, 13 та жиноят ишлари қўзғатилган. Судларга 54 та даъво ариза киритилиб, 39 миллион сўмлик етказилган моддий зарарлар айбдор шахслардан ундирилган.

Умуман, вилоят прокуратурасига 19 минг 650 та мурожаат келиб тушган. Шундан 11 минг 484 таси бевосита прокуратура ходимлари томонидан ҳал қилинган.

Равшан МАШАРИПОВ,

Самарқанд вилояти прокурори.