“Толибон” вакили: Афғонистон гиёҳвандсиз мамлакатга айланади

«Толибон» ўзини Афғонистон ҳудудида исломий қонунларни жорий этишга ҳақли, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда ҳаракатнинг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳукумат эгалланганидан кейинги биринчи матбуот анжуманида айтди.

Ҳаракат аёлларга ўз ҳуқуқларини шариат қонунларига мувофиқ таъминлашга ваъда берди. Шунингдек, улар миллий манфаатларга зид келмаслик шарти билан оммавий ахборот воситалари учун эркинликни сақлаб қолишга ҳам аҳд қилган.

«Эркинликка эришиш – ҳар бир халқнинг ҳуқуқидир. Афғонлар, қонуний ҳуқуқларидан фойдаланиб, 20 йиллик жиҳоддан сўнг ўз эркинлигини қайтаришга, мамлакатини истило ва истилочилардан тозалашга муваффақ бўлишди. Бундан буён Афғонистон гиёҳвандсиз мамлакатга айланади. Албатта, халқаро ҳамжамият ёрдами билан», дея таъкидлади Забиҳуллоҳ Мужоҳид.

БМТ маълумотларига кўра, 2020 йилда Афғонистонда қарийб 6,3 минг тонна афюн ишлаб чиқарилган (жаҳон бўйича 85 фоизи). Мутахассисларнинг фикрича, толибонлар ҳукуматни қўлга киритгунга қадар 80 фоиз даромади айнан наркотиклар ҳисобидан шаклланган.