Тошкентдан Уфага кетаётган поезд вагонидан олиб тарқатилган видео ўрганилмоқда

Кеча, 5 март куни “Тошкент-Уфа-Тошкент” йўналишида ҳаракатланувчи поезднинг вагон кузатувчиси Ёқуб Сатторов ўзи фаолият кўрсатаётган вагондаги ҳолатни тасвирлаб телеграм каналларида видеолавҳа тарқатган. Ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиб чиқиш учун “Ўзбекистон темир йўллари” AЖ раҳбарияти бошчилигида махсус тезкор хизмат суриштирув ишчи гуруҳи тузилди, дея маълум қилди жамият матбуот хизмати.

“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, барча йўловчи поездлар рейсга чиқиш олдидан ва рейсдан келгандан кейин техник кўрикдан ўтказилади ва мавжуд камчиликлар бартараф қилинади. Барча йўналишларда ҳаракатланувчи йўловчи поездлар вагон кузатувчилари рейсга кетиш олдидан ўзи учун ажратилган вагонни кўздан кечириб, белгиланган талабларга жавоб берадиган тақдирда қабул қилиб олиши ва тегишли ҳужжатларга вагонни камчиликларсиз қабул қилиб олганлиги тўғрисида имзо чекиб олиши лозим.

Видеолавҳада фикр билдирган вагон кузатувчиси айни кунда навбатдаги рейс билан хизматда бўлганлиги боис мазкур поезд Тошкентга келиши билан тузилган махсус ишчи гуруҳи томонидан ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилиб, суриштирув натижалари ҳақида яна қўшимча маълумотлар эълон қилинади", дейилган расмий муносабатда.