Трамп журналистлар билан айтишиб қолди ва матбуот анжуманини тўхтатди

Фото:mixnews.lv

Бу ҳақда Лента.ру нашри хабар берди.

ОАВ вакиллари билан ўтказилаётган суҳбат чоғида АҚШ етакчиси у раҳбарлик қилаётган мамлакат дунёнинг бошқа мамлакатларидан кўпроқ коронавирусга тест таҳлили ўтказишини маълум қилди. Шундан сўнг журналистлардан бири нима сабабдан мамлакатда минглаб одамлар ўлаётган бир вақтда, Трамп Қўшма Штатлардаги тест таҳлиллари сони тўғрисида гапиришда давом этаётгани ҳақида сўради. Унинг саволига жавобан Оқ уй раҳбари бу ҳақда ундан эмас Хитойдан сўраш кераклигини таъкидлади. Сўнг журналист томонидан берилган саволни “беўхшов”, деб атади. Оқ уй раҳбарининг бу гапи журналистнинг жаҳлини чиқарди.

АҚШ етакчиси журналистлар томонидан берилган навбатдаги саволларга  жавоб беришдан бош тортди. У ОАВ вакилини эшитишга ҳаракат қилганини, бироқ журналист бунинг уддасидан чиқа олмаганини таъкидлади. Шундан сўнг Трамп матбуот анжуманини тўхтатди.

Апрель ойида Трамп ҳар куни журналистлар билан ўтказилаётган брифингни оқламай, буни “вақтни беҳуда сарфлаш” деб атаган эди. Унинг сўзларига кўра, ОАВ зиддиятли савол кўп беради ва ҳақиқатни тўлиқ баён этишни истамайди. “Улар ўз рейтингларини рекорд даражага кўтариб оладилар. Америкаликлар эса ёлғон маълумотдан бошқа ҳеч нарса ололмайди. Бундай анжуманлар вақт ва ортиқча куч сарфлашга арзимайди”, деб ёзган эди Трамп.