Туман ҳокими Қаюм Собиров билан суҳбат

– Қаюм ака, Жомбой туманига раҳбар бўлганингизга бир ойдан ошибди. Шу пайтгача ҳам раҳбарлик вазифаларида ишлагансиз, лекин ҳокимликнинг масъулияти катта, юки оғирроқ бўлса керак...

– Албатта, шу пайтгача раҳбарлик вазифасида ишлаб бир тизим ишига жавоб берган бўлсам, энди ҳокимият тизимида ҳамма соҳага жавоб бериш керак. Дейлик, бир фуқаро мурожаатидан бошлаб, туманнинг ижтимоий, иқтисодий ҳаёти бўладими, барчасига биринчи раҳбар сифатида жавоб бериш керак ва буни ҳис қиляпман. Масъулият жуда юқори.

Келганимдан буён бир ой вақт ўтган бўлса, ишни туманнинг умумий ҳолатини, кўрсаткичларини ўрганишдан бошладим.

Туманимизда 172 мингга яқин аҳоли яшайди. 38 маҳалла, 100 дан ортиқ қишлоқ бор. Ҳудудимиз қишлоқ хўжалиги бўйича 14 та ММТПга бўлинган ва 800 дан ортиқ фермер хўжаликлари мавжуд.

Жомбой мева-сабзавотчиликка ихтисослашгани учун биринчи қилган ишимиз фермер хўжаликлари ерлари ва аҳоли томорқаларидан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш бўлди. Қишлоқ хўжалик экинларини экишда айрим камчиликларга йўл қўйилгани кузатилди ва уларни тўғрилашга ҳаракат қиляпмиз.

Яна бир масаламиз – етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш. Биз ўрганиб чиқдик, туманимизда 900 дан ортиқ ишлаб чиқариш, қайта ишловчи хўжалик субъектлари бор экан. Лекин солиқдаги базани кўрганимизда уларнинг ҳаммаси ҳам ишламаяпти ёки солиқ тўламаяпти. Энди уларнинг ичига кириб фаолияти билан танишишимиз керак.

Бугун бизнинг туманимизда ҳам асосий масала – аҳоли бандлигини таъминлаш бўлиб турибди. Ҳозирда 39 мингдан ортиқ оила бўлса, 2170 та камбағал, кам таъминланган оила рўйхати шакллантирилган. Улар билан жиддий ишлашимиз керак.

Куни кеча Ҳалвойи маҳалласига борганимда иккита хонадонда жуда ачинарли ҳолатнинг устидан чиқдим. Биттасининг яшаш шароити, таъминоти жуда оғир. Бу оила рўйхатга киритилган. Лекин унинг муаммосини биз олиб бораётган озиқ-овқат билан ҳал қилиб, ҳаётини ўзгартириб бўлмайди. Оиланинг икки нафар меҳнатга лаёқатли боқувчиси бор, лекин уларга иш ўрни ёки етарли таъминот йўқ.

Биринчи навбатда оиладаги муҳитни соғломлаштириш, яшаш шароитини яхшилаш чораси кўрдик.

Халқимизга раҳмат, Сардобадаги воқеалардан кейин “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида озиқ-овқат, кийим-кечак маҳсулотлари келтириб беришяпти. Ҳозирда Сирдарёга кийим-кечак юборилмаяпти. Шунинг учун биз шу тўпланган нарсаларни ювиб, тозалаб, яроқлиларини туманимиздаги камбағал оилаларга тарқатишни йўлга қўйдик. Бу оилага ҳам ана шундай кийим-кечак, кўрпа-тўшак етказиб бердик ва уйини таъмирлашни бошладик.

Иккинчи хонадонда эса таъминот ҳам, иқтисодий аҳвол ҳам яхши. Фақат бу ерда оила аъзолари ўртасида ижтимоий зиддият, келишмовчилик бор. Бу оилани ҳам бориб ўргандик ва битта ўрганиш билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Ушбу оила билан жиддий ишлашимиз керак.

Бир ойлик ўрганишларимизда яна бир масала бизни ўйлантиряпти. Кўп фермерларимиз ердан самарали фойдаланмаяпти. Бу масалани фермерлар билан гаплашиб, қонуний талабларни тушунтирдик. Агар ердан мақсадли фойдаланмайдиган бўлса, шартнома шартларини бажармаса, қарздорлик кўпайиб кетган бўлса, белгиланган тартибда бу ерларни олиб қўйиш ва ернинг қадрига етадиган, ундан самарали фойдаланадиган кишиларга беришни айтяпмиз.

Бундан ташқари туманимизда аҳоли тасарруфида 6,5 минг гектар томорқа ерлари бор. Лекин одамлар томорқасидан самарасиз фойдаланяпти. 15-20 сотих, ҳатто 50 сотихгача ери бор. Аксарияти беда экиб қўйган. Бундай томорқачиларга ерга сабзавот экинлари экиб, кўпроқ даромад олишни тушунтиряпмиз, уларга ёрдам беряпмиз. Иссиқхоналар ташкил этиш, қуёнчилик, паррандачилик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредитлар таклиф қилинмоқда. Куни кеча ушбу масалада биринчи сектор ҳудудида таъминотчилар иштирокида амалий семинар ҳам ўтказдик.

– Кўпчилик Жомбой кичик туман, ер-сув шароити яхши, саноати ривожланган, бу ерда ишлаш осон деб ўйлайди...

– Ўзим ҳам Жомбой “компактний” туман деб ўйлаганман. Лекин ишлаб кўряпманки Жомбойда ҳам ўзига яраша муаммолар бор, муаммо бўлганда ҳам чуқур муаммолар кўп. Саноат ривожланган деймиз. Лекин рақамлар буни кўрсатмаяпти-да. Ичига кириб борганимиз сари кўп муаммолар юзага чиқяпти. Айрим тадбиркорлар катта-катта ерларни ёки объектларни эгаллаб олган, аммо самарали фойдаланмаяпти. Тадбиркорлар билан яқин ҳамкорликда ишлашимиз керак, уларнинг дардини эшитиб, кўмак беришимиз зарур. Экспорт бўйича ҳам натижаларимиз қониқарли эмас. Ҳали жуда кўп ишлашимиз талаб этилади.

– Тумандаги бошқа секторларда-чи, иш қандай кетяпти?

– Иш бошлаганимнинг дастлабки кунларидан ҳамма секторда бир хил сиёсат асосида ишлашга келишиб олганмиз. Мақсадимиз битта – туманимизни ривожлантириш, жомбойликлар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароити яратиш. Мен ишим қанча кўп бўлишидан қатъий назар, ҳар бир сектор ишини ўрганишга, уларга ёрдам беришга масъулман. Худди шундай бошқа сектор раҳбарлари ҳам касбий фаолият йўналишларидан ташқари, туман ҳаёти учун масъулиятни ҳис қилиб ишлаши лозим ва олдимизга шундай мақсад қўйганмиз. Ишлайман, халқимизга виждонан хизмат қиламан, деган раҳбарга туманимизда иш жуда кўп.

– Ўтган қисқа вақтда ўзингизнинг ҳаётингизда, ҳаётга қарашларингизда нима ўзгарди?

– Ўзимнинг ҳаётим ҳақида айтадиган бўлсам, тўғриси, Марказий банкда ишлаганимда мен одамларнинг ҳаётини, халқнинг дардини яхши биламан деб, юрардим. Ҳоким бўлиб, халқнинг ичига кирганимдан кейин қарашларим бутунлай ўзгарди. Баландпарвоз гап эмас, кечалари уйқум қочиб кетади. Халқнинг дардини энди ҳис қиляпман, ҳақиқий аҳволни кўряпман.

Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.