Тупроқда қолган орзулар...
Сенинг ниятинг кўп эди. Янги йил яқин. Тез кунларда уйга кетмоқчи, онангга жун пайпоқ олмоқчи эдинг. Чунки қишлоғинг совуқ. Онангнинг оёғи совуққа оғрийди. Ўйлардингки, шу жун пайпоқни кийса, онажонингнинг оёғи оғримай қолади...
Синфдошларинг билан кечагина Янги йил байрамини қаерда, қандай нишонлашни келишган эдинг. Байрамга пул бера олмаётган синфдошинг учун ҳам сен пул бермоқчилингни айтдинг. Синфдошларинг эртароқ боришингни таъкидлашди. Энди улар сени бир умр кутишади...
Севган қизинг эрталаб хабар юборганди: “Мен ҳам сиз билан бу йил ўқишга топшираман, шаҳарни айлантирасиз-а? Ахир сиз Тошкентни яхши биласиз-ку!?”. Унга жавоб ёздинг: “Ҳа, бирга ўқишга топширамиз. Мен сенга ўзимиз қурган метрони кўрсатаман. Худди кинолардагидек”. Энди у қиз метрога умуман тушмайди...
Ўтган куни отанг билан гаплашганингда: “Байрамга нима олиб борай?” дединг. Отанг: “Ўзинг соғ-омон келавер ўғлим, ҳеч нарса керакмас” деди...
Эрталаб туриб, ишга отландинг. Иш ер тагида. Қалбингда чексиз орзулар. Хаёлингга ҳеч ёмон нарса келмади. Кўнглингда сени кутаётганлар бор эди: онанг, отанг, севгилинг, синфдошларинг... Аммо нимадир “гурс” этди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғу бўлиб кетди. Энди ҳаммаси тугади(ми?)...
Фурқат АЛИМАРДОН.