Туризм мавсумида “Регистон” комплекси ярим тунгача ишлайди
Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (828-сон, 30.09.2019 й.). Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ЮНЕСКО рўйхатига киритилган ҳудудлардан ташқари Самарқанд шаҳридаги ер участкалари меҳмонхоналар қуриш учун “E-IJRO AUKSOIN”да электрон онлайн-аукцион орқали жисмоний ва юридик шахсларга тақдим этилади.
Шунингдек, шаҳарнинг Университет хиёбони, Ислом Каримов, Алишер Навоий ва Пушкин кўчаларида хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда 2019-2021 йилларда туризм инфратузилмаси ташкил этилади.
Қарорга кўра:
- “Боғи баланд” ва “Боғи Шамол” боғлари жойлашган жойни аниқлаш орқали қайта ташкил этилади ва тарихий қиёфаси қайта тикланади;
- “Шероз қалъа”, “Добуссия”, Ревдат шаҳарчаси – “Кофир қалъа”, Афросиёб шаҳарчасидаги археологик ёдгорликлар ЮНЕСКО билан келишган ҳолда реставрация қилинади;
- археологик ёдгорликлар ҳудудида “Очиқ осмон остидаги музей”лар ташкил қилинади ва ташриф буюрувчиларни электрон ҳисобга олиш тизими жорий этилади.
2019 йил 1 октябрдан бошлаб, туризм мавсуми давомида (март-ноябрь) “Регистон” комплекси ҳар куни соат 7:00 дан 24:00 гача ишлайди.