Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Туркия делегацияси Самарқандда бўлди

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) президенти Серкан Каялар бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.

Дастлаб Туркия Республикасининг Самарқанддаги Бош консулхонасида учрашув ўтказилди. Серкан Каялар Туркиянинг Самарқанддаги бош консули Салиҳ Жанер билан суҳбатлашди. 

Шундан сўнг делегация Самарқандда жойлашган Марказий Осиё тадқиқотлар халқаро институтида бўлди. Институт раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Якунда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги президенти Серкан Каялар ва Марказий Осиё тадқиқотлар халқаро институти ректори Эврен Рутбил ўзаро англашув меморандуми имзолашди.

– Ўзбекистонга ташриф ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади, деб ўйлайман, – деди Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги президенти Серкан Каялар. – Тошкентда ўтказилган мулоқотларимиз давомида муҳим келишувларга эришдик. Бугун Самарқанддаги саёҳатимиз ҳам ғоят самарали кечди. Самарқанд Ўзбекистоннинг юраги. Унинг таърифига тил ожиз. Мен шундай муқаддас заминга қадам қўйганимдан хурсандман. Ташрифимиз давомида Марказий Осиё тадқиқотлар халқаро институти билан англашув меморандумини имзоладик. Бу ўзаро алоқаларимизни ривожлантиришга алоҳида хизмат қилади, албатта. Мақсадимиз дўстлигимиз, ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришдан иборат.

Меҳмонлар ташриф давомида Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.