Туркия Россия вакцинасини сотиб олишдан бош тортди
Чунки у талаб доирасидаги лаборатория амалиётига мос келмайди. Бу ҳақда Туркия соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Фаҳреттин Коcа айтиб ўтди, деб хабар беради Haber Turk.
Анқара вакили Россия вакцинаси аденовирус эканлиги ва зарур лаборатория амалиётига мос келмаслиги сабабли бошқа мамлакатлар ҳам уни сотиб олмайди, деб ҳисоблайди.
Дастлаб Туркия SARS-CoV-2 коронавирусига қарши Россиянинг «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришга қарши эмаслиги ҳақида хабар берилган эди. Анқара маҳаллий қонунчилик талабларига биноан токсикологик тадқиқотлар олиб борилгач, фармацевтика корхоналари қудратига таянган ҳолда вакцина ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган эди.
Ўз навбатида, Россия инвестиция фондида «Спутник V» коронавирусга қарши вакцина ахборот хуружига учраган, деб ҳисоблашмоқда. Фонд маълумотларига кўра, вирусга қарши дунёдаги биринчи рўйхатдан ўтган вакцина рақобат ва сиёсий аралашувларга кўра, Россияда ва чет элда ахборот хуружининг нишонига айланди.
Ташкилот вакиллари оммавий ахборот воситаларида маҳсулот хусусиятлари ва уни ишлаб чиқариш тўғрисидаги ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотлар тез-тез пайдо бўлаётгани ҳақида таъкидлашмоқда. Шунингдек, баъзида фонднинг потенциал шерик ва контрагентлари билан олиб борилаётган музокаралари тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқалаётганини қайд этишди.
Бугунги кунда Россияда COVID-19 га қарши иккита вакцина рўйхатдан ўтказилди. Биринчи бўлиб рўйхатдан ўтган препарат Гамалея маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» эди. У 15 августда ишлаб чиқарила бошланди. 14 октябрь куни Президент Владимир Путин «Вектор» маркази томонидан ишлаб чиқарилган «ЭпиВакCорона»ни рўйхатдан ўтганлигини эълон қилди. Вакцинани биринчи бўлиб хавф гуруҳидаги фуқаролар ва шифокорлар олади.