Уч масъулда уч хил жавоб, боғчаси йўқ маҳалла болалари эса дастурдан умидвор

Таҳририятимизга Пайариқ тумани Маниобод маҳалласида яшовчи фуқаролар номидан Қудрат Рўзиев шикоят хати йўллади.

Унда жумладан, шундай дейилади:

- Маҳалламизда шунча йилдан буён ишлаб чиқариш корхонаси, ҳатто давлат мактабгача таълим муассасаси ҳам қурилмаган. Мактаб, қишлоқ врачлик пункти бор, аммо болалар келажагида боғча жуда муҳим. Шу боис маҳалламиздаги 5250 нафар аҳоли номидан давлат мактабгача таълим муассасаси қурилишида ёрдам сўраб туман ҳокими, тумандаги Халқ қабулхонаси ва бошқа масъул ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдик. Уларнинг жавобида маҳаллада муассаса қурилиши 3 йилдан сўнг, яъни 2024 йилда режалаштирилади, деган жавоб олдик”.

Мурожаат юзасидан тўлиқроқ маълумот олиш учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Ш.Эрмонов билан телефон орқали боғланиб кўрдик. У маҳаллада иккита уй боғчаси ташкил этилгани, бироқ неча нафар бола қамраб олинганини аниқ билмаслигини айтди. Неча нафар боғча ёшидаги бола борлиги, мактабдаги ўқувчилар сони ҳақида ҳам маълумот ололмадик. Булар бўйича кейинроқ аниқ маълумот беришни ваъда қилган ҳоким ёрдамчисидан икки ҳафтада ҳам жавоб бўлмади.

Маҳалла туманнинг 3-сектор ҳудудида жойлашган. Балки улар бу масалада бирор таклиф киритишгандир.

- 2022 йил февраль ойида Маниобод маҳалласидаги 700 метр ички йўлга тош тўшалди, - дейди 3-сектор котиби Аброр Жуманазаров. – Имконият даражасида бошқа масалаларга ҳам ечим топиляпти. Аммо маҳаллада давлат мактабгача таълим муассасаси йўқлиги ҳақиқат. Муассаса қуриш масаласи масъул вазирлик томонидан белгиланади. Бу масалага биз эмас, туман мактабгача таълим бўлими таклиф киритиши лозим.

Мурожаат юзасидан туман мактабгача таълим бўлими мудири Неъмат Зоиров билан ҳам боғландик.

- Бу масаладан хабардормиз, - дейди Н.Зоиров. - Ҳозирча туманимиздаги эски боғчалар таъмирланяпти. Маниобод маҳалласи “Обод қишлоқ” дастурига киритилганда боғча қурилиши мумкин. Бу йил “Обод қишлоқ” дастурига тушган бошқа маҳаллаларда болалар боғчаси қурил­япти. Ҳозирча бир-икки йил ушбу маҳаллада боғча қурилиши номаълум.

Битта масалада жавоб олиш учун бир нечта масъул идорага боғландик, аммо бирор тайинли жавоб йўқ. Мурожаатчилар арзига ечим топиш учун қанча идораларда сарсон бўлишини тасаввур қилаверинг.

Х.Эрназарова.