Украина Россия билан муносабатларда «Б» вариантини қўлламоқчи
Украина ва Ғарб Россия билан муносабатларни ривожлантиришнинг иккита вариантини кўриб чиқмоқда, дейди Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркарова LB.ua нашрига берган интервьюсида.
"Ҳозирча биз ҳаммамиз: Украина, АҚШ, Ғарб – фаол тайёргарлик даражасидаги «Б» вариантига ўтмаслигимиз учун «А» варианти – дипломатик «тийилиш» устида ишламоқдамиз".
Дипломат «Б» вариант деганда нима назарда тутилаётганини айтмади, лекин у "потенциал ҳарбий қарама-қаршилик" ва Ғарб давлатларининг бунга тайёргарлиги ҳақидаги журналистнинг қўшимчасига эътироз билдирмади.
Ғарб оммавий ахборот воситалари ва Киев сиёсатчилари мунтазам равишда Россияни Украинага бостириб кириш ниятида айблашмоқда. Кремлдагиларнинг фикрича эса, бундай хуруж чегаралар яқинида кўпроқ ҳарбий техника ва НАТО кучларини жойлаштириш учун бир баҳона.
Москва ҳеч кимга таҳдид қилмаётлиги, қўшинларнинг мамлакат ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши эса ҳеч кимни безовта қилмаслиги кераклигини бир неча бор таъкидлаган.
Бундан ташқари, президент Путин Шимолий Атлантика альянсининг шарққа кенгайиши ва Украина ҳудудига ҳужум қуролларини жойлаштириш Россия учун «қизил чизиқ» эканлигини билдирди. АҚШ эса "қизил чизиқ"ни тан олмаслигини айтмоқда.
Яқинда АҚШ вице-президенти Камала Харрис Украинадаги вазият туфайли Россияга “мисли кўрилмаган санкциялар” билан таҳдид қилган эди.