Украина-Россия зиддияти: умумий сафарбарлик, ҳарбий ҳолат, ҳужумлар, санкциялар
Украинадаги аэродромлар, қўмондонлик марказлари ва бошқа ҳарбий объектларга эрталабки ракета-бомбали ҳужумлар билан бошлаган ҳолда, Россия қуролли кучлари 24 февраль кечасига қадар ҳавода тўлиқ устунликни ўрнатди ва Украина армиясининг қаршилигини енгиб, мамлакатнинг шарқидаги муҳим шаҳарлар томон ҳаракатланмоқда.
Олдин Ғарб разведкасининг «тайёрланаётган ҳарбий босқин» ҳақидаги хабарларини рад этган Россия Федерацияси расмийлари энди Украина шаҳарларини босиб олиш ниятини инкор этиб, Украина тинч аҳолисига ҳеч нарса таҳдид солмаслигини таъкидламоқда.
Россия раҳбарияти ҳужумни Украина “демилитаризация”си ва “денацификация”си мақсадида уюштирилган “махсус операция” деб атади ҳамда уни сепаратист “ДХР” ва “ЛХР”нинг аҳоли эвакуациясига олиб келган ҳудудларни ўққа тутиш кучайгани ҳақидаги (“ўқ очиш”га ишончли далиллар ва Украинанинг уларга алоқадорлиги келтирилмаган; Украина барчасини инкор этган, Россия “геноцид” деб эълон қилган) даъволари ва ҳарбий ёрдам сўрагани билан тасдиқлади.
Шимолдан, шарқдан ва жанубдан бостириш
Ғарб ҳарбий таҳлилчиларига кўра: Украина ҳудудига қуруқликдан бостириб кириш учта асосий йўналишда амалга оширилмоқда.
▪️ Россия кучлари назоратига ўтган Херсон областидаги бир қатор аҳоли пунктлари ва инфратузилмалар – Қримга сув таъминотини очиш имконини берган Қримдан шимолга Украина жанубига;
▪️ Россиянинг Белгородидан Украинанинг шарқий чегараси яқинидаги Харьковгача;
▪️ Беларусь ҳудудидан жанубга, Киев томон, хусусан, потенциал радиациявий ифлосланиш хавфи остида бўлган тўхтатилган Чернобиль АЭС ҳудуди Россия ҳарбийлари назоратига ўтди ва қўшимча кучларни ўтказиш имкониятини очиб берувчи Киев яқинидаги ҳарбий аэродромлар учун жанглар давом этмоқда.
Айни вақтда тинч аҳоли ўлими ва жароҳатлари, шунингдек, икки томон ҳарбий хизматчилари орасида йўқотишлар ҳақида мустақил маълумотлар йўқ. Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, Россия ҳужуми оқибатида 137 нафар украиналик, жумладан, Украина Қуролли кучларининг 10 нафар зобити ҳалок бўлган.
Украинада ҳарбий ҳолат эълон қилинди
Киевда комендантлик соати амал қилмоқда. Украина пойтахти ва бошқа шаҳарлар аҳолиси бомба бошпаналарда ва метрода жон сақламоқда. Кўпчилик мамлакат шарқий қисмини тарк этиш ҳаракатида. Польша ва бошқа Шарқий Европа давлатлари Украинадан келган қочқинларни қабул қилиш марказларини очмоқда.
Россияга қарши АҚШ ва Европанинг санкциялари эълон қилинди
АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи, асосан, Россиянинг энг йирик молиявий, технология ва транспорт компанияларига нисбатан санкцияларнинг янада кучайтирилишини эълон қилди. Шахсий санкциялар банк секторининг бир қатор юқори мартабали амалдор ва раҳбарларига таъсир кўрсатди. Буюк Британия Россия банклари ва кўплаб жисмоний ва юридик шахслар активларини музлатиб қўйди, Россия фуқаролари учун 50 минг фунт-стерлинг миқдоридаги банк ҳисоблари ҳажмига чекловлар қўйди.
АҚШ томонидан киритиладиган санкциялар натижасида Россия компанияларига доллар, евро ва иенада бизнес қилиш чекланади.
Шунингдек, янги санкциялар:
- Россиянинг юқори технологик маҳсулотлари экспортига, жумладан космик саноатига нисбатан қўлланади.
- “Сбербанк” учун АҚШ долларидаги барча операцияларга тақиқ қўйилади, 30 кун ичида барча корреспондент ҳисоб-рақамлари ёпилади.
- “ВТБ”, “Открытие”, “Совкомбанк”, “Новикомбанк”ларнинг АҚШдаги барча активлари арест қилинади, АҚШ долларидаги ҳисоб-рақамлари тўлиқ блокировка қилинади.
- “Газпромбанк”, “Россельхозбанк”, “Альфа банк”, “МКБ” - акциялар ва қарзлар билан боғлиқ АҚШ долларидаги операциялар тақиқланди.
Шунингдек, Европа иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини эълон қилди:
- Россия банк бозорининг 70 фоизига ва асосий давлат компаниялари, шу жумладан мудофаа соҳасида фаолият юритувчи компанияларга таъсир қилувчи молиявий санкциялар;
- энергетика соҳасидаги санкциялар, шундан кейин Россия нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қила олмайди;
- Россияга самолётлар ва авиация ускуналарини сотишни тақиқлаш;
- Россиянинг технологиялар, шу жумладан яримўтказгичлардан фойдаланишини чеклаш;
- виза санкциялари - дипломатлар ва бизнес вакиллари энди Европа иттифоқи мамлакатларига кириш имтиёзларидан фойдалана олмайди.
Шунга қарамай, ҳозирча Ғарб иттифоқчилари ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Россия банк тизимини халқаро SWIFT инфратузилмасидан узиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ва Владимир Путинга нисбатан шахсий санкциялар қўлланилмаган.
Инқироз фонида Россия фонд индекслари савдолар очилгандан сўнг шиддат билан пасайиш чегарасидан ўтиб кетиши оқибатида савдо тўхтатилди. Улар қайта тиклангач, Москва биржаси индекси 2016 йил январидан бери биринчи марта 1700 пунктдан пастга тушди. Марказий банк рубль курсининг янада тушиб кетишининг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Россиядан келаётган хабарларга кўра, кўплаб аҳоли ўз валюталарини олиб чиқишда қийналмоқда.
"Урушга - йўқ!"
Россия Федерациясининг қўшни давлат ҳудудига бомбардимон қилиниши ва қуруқликдан бостириб кириши Россия ва дунё шаҳарларида оммавий норозилик билан кутиб олинди. Берлин, Париж, Варшава, Гаага, Байрут ва Токио, Дублин ва Амстердамдаги намойишчилар Украина байроқлари ва Россияга қарши шиорлар билан Россия Федерацияси дипломатик ваколатхоналари ва шаҳарларнинг марказий майдонларига чиқишди.
Россия ҳукумати аҳолини намойишларда қатнашмасликдан огоҳлантириб, тақиқни бузганлар ҳибсга олиниши ҳақида огоҳлантирди. Шунга қарамай, мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида Украина ва дунёни ҳимоя қилиш шиорлари остида индивидуал пикет, оммавий митинг ва юришлар ўтмоқда. Расмийлар оммавий ҳибсга олишлар билан жавоб беришди. «ОВД-Инфо» маълумотларига кўра, Россиянинг 51 шаҳрида 1400 киши, жумладан, Москва марказида 719 ва Санкт-Петербургда 342 киши ҳибсга олинган.
Г.Холдорова тайёрлади.