Ургут ва Пастдарғом туманлари истеъмолчиларига замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланди
Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрда “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан мамлакатимиз бўйлаб электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишлари жадал амалга оширилмоқда.
Хусусан, Самарқанд вилоятининг Ургут ва Пастдарғом туманлари истеъмолчиларига ҳам замонавий электр ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Ургут туманида 61 123 та ва Пастдарғом туманида 54 690 та ҳисоблагич ўрнатилиши белгиланган.
Ҳозирда Самарқанд шаҳар ва Самарқанд тумани, Зарафшон, Дўстлик, Ургут ва Пастдарғом туманларида замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. 2020 йил якунига қадар вилоятнинг барча туманларида замонавий электр ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари ҳисобидан бепул ўрнатилмоқда.
Ҳурматли истеъмолчилар, ушбу ишларни амалга оширишда пул талаб қилинаётган ёки манфаатларингиз камситилаётган бўлса,“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг (71-233-01-28) рақамига ҳамда Telegramʼдаги “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bilan muloqot” канали орқали ўз мурожаатларингизни йўллашингизни сўраймиз.