Вазият оғир: коронавирус дунёнинг қатор давлатларида ҳам тарқалмоқда
Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва консуллик муассасалари берган маълумотга кўра, сўнгги кунларда дунёнинг қатор давлатларида CОВИД-19 коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг оғирлашгани кузатилмоқда.
Хитой Халқ Республикаси билан бир қаторда Корея Республикаси, Япония, Эрон, Италия ва баъзи бошқа давлатларда беморлар сони ортмоқда.
Хизмат, туризм ва бошқа мақсадларда хорижга чиқишни режалаштираётган ҳамюртларимиз сафардан олдин соғликлари учун таҳдидларни диққат билан ўйлаб кўришлари, мамлакатдаги эпидемиологик ҳолатни ўрганишлари ва сафар чоғида шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари, жамоавий тадбирларда иштирок этишдан тийилишлари, одамлар тўпланадиган жойларда барча эҳтиёткорлик чораларини кўришлари зарур.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ТИВ хорижда, жумладан, коронавирус билан оғриган беморлар аниқланган давлатлар ҳудудида бўлиб турган мамлакатимиз фуқароларига зарур ҳолатларда Ўзбекистоннинг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади.