Вилоят СЭОМ: Самарқанд шаҳрида ҳар бири беш кишилик 20 та дезинфекциялаш гуруҳи ишлаяпти
Санитария ва гигиена қоидаларига тўлалигича амал қилиш, зарурат бўлмаганда уйдан чиқмаслик, ниқоб тақиб юриш, қўлларни антисептик воситалар билан тозалаб туриш борасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам таъкидланмоқда. Бу кўрсатмаларга амал қилиш эса фойдадан холи бўлмайди.
Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази (СЭОМ) томонидан бозорлар ва савдо дўконларида бугунги вазиятда нималарга амал қилиш кераклиги акс этган эслатма-варақалар тарқатилмоқда. СЭОМ мутахасислари томонидан телерадио каналлар орқали мутазам чиқишлар қилиниб, керакли маслаҳатлар бериб борилмоқда.
Вилоят ва шаҳар ҳудудларида дезинфекциялаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳри ҳудудида ҳар бири 5 кишидан иборат 20 та дезинфекциялаш гуруҳи иш олиб бормоқда. Бугуннинг ўзида Халқ қабулхоналари, ун тайёрлаш корхоналари, “Темир йўл”, “Дамариқ” ва “Сиёб деҳқон бозор”лари ҳамда “Мусо хон келди” буюм бозори ҳудуди махсус машиналар ёрдамида дезинфекцияланди.
Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда шаҳар кўчалари махсус машиналар ёрдамида дезинфекцияланмоқда. Шаҳарнинг Беруний ва Мирзо Улуғбек кўчалари, ушбу ҳудуддаги ва бошқа манзилдаги савдо дўконлари, маъмурий бинолар, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар таълими муассасалари, олий ўқув юртлари бинолари, меҳмонхона ва ётоқхоналарда ҳам ушбу тадбир давом эттирилмоқда.
Жамоат транспортлари, йўловчи ташувчи такси корхоналарига дезинфекция ишларини олиб бориш учун мутахасислар бириктирилган. Ушбу корхоналар ходимлари вилоят СЭОМ мутахасислари томонидан ўқитилмоқда.
Вилоят миқёсида олиб борилаётган ушбу тадбирларнинг давомийлиги СЭОМ томонидан назоратга олинган.
Самарқанд вилоят СЭОМ ахборот хизмати.