Ворисликка муносиб дорилфунун
Шу йил 16-17 июль кунлари «Самарқанд давлат университети – Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси» мавзусида халқаро онлайн илмий анжуман ўтказилади.
Буюк бобокалонимиз Мирзо Улуғбек 1420 йилда таъсис этган мадрасаи олия ўзининг кўлами, салоҳияти ва олий мақоми билан нафақат Шарқда, балки Ғарб оламида ҳам жуда тез шуҳрат қозонган. Мирзо Улуғбек қурдирган олий мадраса ва унинг қошида барпо этилган ўша даврнинг энг мукаммал асбоб-ускуналари билан таъминланган расадхона ўзининг меъморий бетакрорлиги, нодирлиги, деворлари ва пештоқида акс этган етти иқлим харитаси ҳамон олимларни ҳайратга солиб келмоқда.
Машҳур тарихчи Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида қайд этилишича, 1420 йил 21 сентябрь куни Мирзо Улуғбек мадрасаси очилиши маросимида ўз даврининг етук олими Шамсиддин Муҳаммад Хавофий Клавдий Птоломейнинг астрономия фани ютуқларига бағишланган “Ал-Мажастий” (“Альмагест”) асари бўйича илк маъруза дарсини ўтиб, бош мударрис этиб тайинланади. Худди мана шу сана Мирзо Улуғбек мадрасаи олияси (европаликлар наздида эса академияси) фаолиятининг бошланиш санаси деб қабул қилинган. Шу сана тарихда Самарқанд давлат университетига тамал тоши қўйилган кун сифатида белгиланишига асос қилиб олинмоқда.
Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳр темурийлар салтанатини бошқарган қарийб 40 йиллик даври мобайнида Самарқанд, Бухоро, Ғиждувондаги мадра¬саларидан етишиб чиққан олимларнинг катта илмий мактаби шаклланди. Улуғбек яратган илмий мактабда икки юздан ортиқ турли соҳа олимлари фаолият юритиб, астрономия, риёзиёт, ҳандаса, бошқа табиий ва аниқ фанлар тадқиқига бағишланган қатор қўлланмалар яра¬тди. Мадра¬сада Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Берунийлар бошлаб берган илмий анъаналарга содиқлик билан уларнинг изланишлари давом эттирилган. Мирзо Улуғбек мадрасаси фаолияти Самарқанд давлат университети расман ташкил топгунга қадар мунтазам давом этган.
1868 йил маълумотларига кўра, Мирзо Улуғбек мадрасасига қарашли 24 та ҳужра тўлиқ фаолият кўрсатган. Уларда 48 нафар талаба яшаб таҳсил олган бўлса, XX аср бошларига келиб уларнинг сони 108 нафарга етган. Улуғбек мадрасаси кейинги даврдан – ХХ аср бошларигача минтақанинг энг қадимий ва эътиборли олий таълим маскани сифатида бу ердаги халқларнинг маънавий-маърифий эҳтиёжини қондириб келди. Бу мадрасани битирган мутахассислар Марказий Осиё минтақасидаги тамаддуннинг тарихдаги энг оғир кунларида ҳам оёқда қолишига кўмаклашди.
ХХ бошларида, яъни 1920 йил собиқ совет ҳукумати зиёлиларнинг таклифларини эътиборга олиб, ўша вақтда республика пойтахти бўлган Самарқандда икки йиллик педагогик йўналишдаги олий ўқув юртини очиш ҳақида қарор қабул қилади. Шу билан Самарқанд давлат университетининг янги мақомда шаклланишига дастлабки асос яратилади. 1927 йили ушбу ўқув муассаса Самарқанд педагогика академиясига айлантирилди. 1930 йилда эса Ўзбекистон педагогика институти, ниҳоят 1933 йили Ўзбек давлат университети ва кейинроқ Самарқанд давлат университети мақомини олди. Унинг дастлабки профессор-ўқитувчилари таркибида Самарқанд ва Бухоро олий мадрасаларини битирган педагоглар – Абдурауф Фитрат, Ҳожи Муин Шукуруллаев, Ғози Олим Юнусов, Пўлат Солиев, Мирзожон Саиджонов ва бошқалар бўлган.
Эртага ўз ишини бошлайдиган “Самарқанд давлат университети – Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси” мавзусидаги халқаро онлайн илмий анжуманда мамлакатимиз олимларидан ташқари, чет эллик таниқли тарихчи-олимлар, илм-фан намояндаларининг қадимги даврлардан бугунги кунгача олий малакали мутахассислар етиштиришда мадрасалар таълими, юксак салоҳиятли мударрислар, уларнинг илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссалари ҳамда таълим тизими тарихига оид бошқа долзарб мавзулардаги маърузалар билан иштироклари кутилмоқда.
Мардон Болтаев,
СамДУ кенгаши котиби, доцент.