ХТВ ўринбосари: Дунёнинг аксарият давлатлари мактабларида ҳар куни мадҳия ижро этилади

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши бўйича тавсияси бугун жамиятимизда вужудга келган маънавий эҳтиёжни ўз вақтида қондиришга қаратилгани ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди:

"Жамиятнинг барча аъзоларини ягона байроқ остига бирлаштирувчи воситалар бор. Ўзбекистон мадҳияси ҳам ана шундай асосий ва бирламчи воситалардан биридир. Бугун кўплаб мамлакатларда давлат мадҳияси айнан мактабдан бошлаб ўргатилади ва куйланади.

Масалан, Туркияда мактабларда машғулотлар давлат мадҳиясини куйлаш ва давлат байроғини кўтариш билан бошланади. Ҳиндистонда эса ҳар куни соат 9:00 да ўқувчилар саф тортишиб, давлат мадҳиясини куйлашади ва давлатга содиқлиги бўйича қасамёд қилишади.

Қўшни Қозоғистон Республикасининг шарқий ва ғарбий ҳудудларидаги давлат мактабларида бир неча йиллардан буён машғулотлар ўқувчиларнинг жўр бўлиб мадҳия куйлашидан бошланади.

Канада миллий мадҳияси ҳар куни барча давлат мактабларида ва кўплаб хусусий мактабларда, шунингдек, болалар боғчаларида янграйди. Болалар тик турган ҳолда мадҳияни куйлаши ёки тинглаши мумкин.

Хитой Халқ Республикасида ҳар душанба куни соат 8:00 да ўқувчилар стадионга давлат байроғини тантанали кўтариш маросимига саф тортиб, миллий мадҳияни куйлашади.

АҚШда аксарият мактаб ва болалар боғчаларида ҳар куни давлат ва штат байроғини кўтариш бўйича тантанали тадбир бўлиб ўтади. Тадбир жараёнида давлат мадҳиясини айтиш мажбурий бўлмаса-да, ўқувчилар мадҳия куйлашади. Айрим штатларда эса байроққа содиқлиқ бўйича қасамёд ҳам ўқишади. 2005 йилда Америка Мусиқий таълим миллий ассоциацияси мактабларда ватанпарварлик қўшиқларини кенг тарқатиш мақсадида “Миллий мадҳия” лойиҳасини амалга оширди. Ушбу кампанияни ўтказишга сабаб ижтимоий сўровномлар натижасида 61% америкалик миллий мадҳиянинг барча сўзларини билмаслиги бўлган.

Россия Федерациясининг кўплаб регионларида машғулотлар олдидан ўқувчилар давлат мадҳиясини куйлашади ва бу жараённи фуқаролар ўқувчиларнинг мадҳия матнини билишига кафолат ҳамда ватанпарварлик туйғусини сингдиришнинг энг гўзал намунаси деб билишади.

Японияда ҳам гарчи мадҳия айтиш мажбурий бўлмаса-да, айрим мактабларда машғулотлар бошланишидан аввал давлат байроғи миллий мадҳия садолари остида кўтарилади. Албатта, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ўқувчилар онгига ватанпарварлик туйғуларини сингдириш - Давлат мадҳиясини куйлатиш билангина чекланмайди. Таълим-тарбия жараёнида кўплаб бошқа воситалар ва усуллар қўлланилади. Аммо Давлат рамзларига ҳурмат ватанпарварлик тарбиясининг пойдевори ҳисобланади".