XXI асрнинг охирига келиб ер юзидан йўқ бўлиб кетадиган шаҳарлар
Мабодо Малига экзотик саёҳат қилишни, Венеция каналлари бўйлаб қайиқда ёки Сан-Францискодаги Олтин дарвоза кўприги бўйлаб сайр қилишни режалаштирмоқчи бўлсангиз, ўзингиз билан фотокамерани олиш ёдингиздан чиқмасин. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, келажакда бу фотосуратлар бундай ажойиб жойларнинг бор бўлганлиги ҳақида келажак авлодга етказишнинг ягона йўли бўлади.
Табиат 2100 йилга келиб сайёрамиздан йўқ бўлиб кетадиган ўнлаб шаҳарларни нишонга олиб қўйди.
Бунинг иқлим ўзгариши, денгиз сатҳининг кўтарилиши, табиий офатлар ва иқтисодий муаммолар каби сабаблари кўп. Бу эса қуйида келтирилган жойларнинг ҳар бири Атлантидага айланиб қолиш мумкинлигининг далолатидир.
Сан-Франциско, АҚШ
Одамлар Сан-Франциско сейсмик хавфли зонада жойлашгани ва бу шаҳарда тез-тез зилзилалар содир бўлиб туришини билишади. Бироқ, кучли фалокат олиб келиши мумкин бўлган даҳшатли оқибатлар одатий тушунчалар чегарасидан анча йироқ. Мутахассислар 75 фоиз эҳтимол билан Сан-Францискода яқин 70 йил ичида Рихтер шкаласи бўйича 7 ёки ундан ҳам юқори балли зилзила cодир бўлишини айтмоқда.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги ўн йилликларда шаҳарнинг 900 мингдан зиёд аҳолиси аста-секинлик билан камайиб боряпти. Гап шаҳардаги ҳаётнинг жуда қимматлигида ҳам эмас. Одамлар ўзларига “ўз ҳаётини хавф-хатар остига қўйиб бу хавфли жойда яшаш зарурми?”, деган саволни бера бошладилар.
Венеция, Италия
Дунёдаги энг романтик шаҳар сўнгги минг йил давомида доимий равишда чўкиб бораётир. Ўтган асрда чўкиш тезлиги кескин ошиб, тупроқ даражаси бу вақт давомида 24 сантиметрга пасайди. Ўтган 30 йилда Италия ҳукумати шаҳар ҳимояси учун 20 дан ортиқ дастурларни амалга ошириб келмоқда. Лекин улар қанчалик самарали бўлиши номаълум.
Иваново, Россия
Илгари шаҳар йирик тўқимачилик маркази бўлган, минглаб аёллар бу ерга иш ишлаб келганлиги сабабли Иваново келинлар шаҳри деб аталган. 1990 йилда шаҳар аҳолиси 550 кишидан ошди, лекин 25 йил давомида у деярли 30 фоизга камайди. Ўлим даражасининг юқорилиги, жиноятчилик, гиёҳвандлик ва спиртли ичимликларнинг суиистеъмол қилиниши фонида туғилишнинг пастлиги, инфратузилманинг барбод бўлиши бир вақтлар обод шаҳарни вайрон қилган ва уни хира сояга айлантирган сабаблардир. Энг ёмони, ёшлар оммавий равишда Ивановони тарк этиб, бошқа ривожланган ҳудудларга кўчиб ўтишяпти.
Мехико, Мексика
Ажойиб тарихга эга сайёрадаги энг катта 10 та шаҳардан бири бўлган Мехико аста-секин “чўкаяпти”. Шаҳар кучли сувли қатламда (қуритилган сув тубида) жойлашган ва ҳар сафар одамлар сув жўмрагини очганда, у бироз пасаяди. Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги 65 йил ичида Мехиконинг бир қисми 9 метрдан кўпроқ чўккан. Шу сабабли Мексика пойтахтининг истиқболи аниқ бир тасаввурга эга эмас.
Тимбукту, Мали
Кучли шамол олиб келадиган қум уюмларининг унумдор ерларга ҳужуми жиддий муаммоларга олиб келади. 60 минг аҳоли истиқомат қиладиган Африка жанубидаги энг қадимий манзилгоҳ Тимбукту шаҳрига айнан шу хавф таҳдид солмоқда. Мали ҳукуматининг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, ушбу шаҳарнинг баъзи ҳудудлари аллақачон чўл билан жангда мағлуб бўлди. Ҳозир уларнинг тенг ярми қум билан қопланган, шу сабабли минглаб маҳаллий аҳоли ўз уйини ташлаб кетишга мажбур.
Неаполь, Италия
Белгиланган муддатга бориб портлайдиган бомба – Везувий вулқони кутилмаганда Неаполни ер билан яксон қилиши мумкин.
Бангкок, Таиланд
Таиланд пойтахти Бангкок ҳам йўқолиб кетиш хавфи остида. Етти миллион аҳолиси бўлган шаҳар денгиз сатҳининг кўтарилиш туфайли йилдан-йилга чўкиб бормоқда. Ўтган асрда бу шаҳарнинг баъзи кўчалари ҳақиқий каналларга айланган.
АҚШнинг бошқа шаҳарлари
Иқлим ўзгариши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши Американинг кўплаб қирғоқ бўйидаги шаҳарлари учун жиддий таҳдиддир. Вазиятлар таҳлили кейинги 15 йил ичида сув тошқини оқибатида кўрилган зарар деярли икки баробар ортишини кўрсатди. Муаммо ўнлаб йирик шаҳарларга таъсир қилиши мумкин. Улар орасида Лос-Анжелес, Филадельфия, Балтимор, Чарльстон, Хьюстон, Лонг-Айленд, Сакраменто, Портленд, Сан-Диего, Сиэтл ва бошқалар бор.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.