Газ ҳисоблагични руxсатсиз ечиб олган истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди

“Samarqandshahargaz” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан Самарқанд шаҳри Чорбоғ маҳалласи Ташаббускор кўчасида яшовчи фуқаро С.М. “ақлли” газ ҳисоблагични ечиб, шланг орқали тармоққа уланганлиги аниқланди. Хўш, истеъмолчи нега бу “иш”га қўл урди?

Гап шундаки, шу йил 16 январь куни мазкур хонадонга электрон смарт газ ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, истеъмолчининг 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, газ таъминоти ташкилотидан 2 676 393 сўм қарздорлиги мавжуд бўлган. Газ ҳисоблагич ўрнатиш жараёнида истеъмолчи қарзини тўлаши шартлиги, акс ҳолда “ақлли” ҳисоблагич газ тармоғидан узиб қўйиши ҳақида огоҳлантирилган.

2 февраль куни Самарқанд шаҳридаги 1117 нафар табиий газ абонентларида истеъмол қилинган газ учун жами 737 233 489 сўм қарздорлик мавжуд бўлган. Шу сабабли улар SMS-хабарнома орқали огоҳлантирилгандан сўнг, 3 кун ўтиб автоматик равишда газ таъминотидан узилган. Улар орасида истеъмолчи С.М. ҳам бўлган.

Фуқаро қарздорликни тўлаш ўрнига ўзбошимчалик билан “ақлли” газ ҳисоблагични ечиб, техника қоидаларига зид равишда резина шланг орқали тармоққа уланиб олган. Мазкур ҳолат бўйича ўтган 10 кун давомидаги газ истеъмоли тасдиқланган норматив тарифлар асосида қайта ҳисоб-китоб қилиниб, далолатнома расмийлаштирилди ва истеъмолчи газ тармоғидан тамғалаш йўли билан узиб қўйилди. Ушбу фуқаро газ учун қарздорликни тўлиқ тўлагач, ҳисоблагич жойига ўрнатилиб, тармоққа қайта уланади.

Эслатиб ўтамиз, “ақлли” ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг истеъмолчи табиий газ учун тўловни вақтида амалга оширмаса, автоматик равишда тармоқдан ажратилади. Бунинг олдини олиш учун “Payme”, “Сlick Evolution”, “U-Pay” ва “Oson” мобил иловаларидан бири орқали уйдан чиқмаган ҳолда тўловни тез ва осон амалга ошириши лозим.

“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали ахборот хизмати.