Карантин қоидаларини бузган ака-ука қамалди, ота эса жаримага тортилди
Жорий йил 20 апрель куни соат 21:00 ларда Ургут туманида истиқомат қилувчи Х.А. ва унинг олий маълумотли, ўқитувчи бўлиб ишловчи ўғиллари Х.А. ва Х.М.лар карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда, жамоат жойида ниқобсиз бўлиб, Муродқишлоқ маҳалласи ҳудудида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Ургут тумани ҳокими томонидан тасдиқланган “Ургут туманида 2020 йилда ички йўлларни жорий таъмирлаш манзилли дастурига асосан туманнинг Муродқишлоқ маҳалласидаги масжиддан қабристонгача бориш йўлида жорий таъмирлаш ишларини олиб бораётган туман йўлдан фойдаланиш корхонаси ходимлари З.Сайитқулов ва бошқаларни гуёки уларга тегишли дарахт кўчатларига шикаст етказганликда айблаб, ҳеч бир сабабсиз уларни ножўя сўзлар билан ҳақоратлаб, бақир-чақир қилиб жамоат тартибини бузган ҳолда майда безорилик содир қилишган. Воқеа жойига етиб келган Ургут тумани бўйича ИИО ФМБ 5-ИИБ ТП ФТГ ҳудудий профилактика инспектори У.Ҳайдаров ва бошқалар уларни тинчлантириб, ҳуқуқбузарликни тўхтатишни талаб қилиб, профилактик суҳбат ўтказмоқчи бўлганларида, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабини бажармасдан ҳуқуқбузарликни давом эттиришган.
Ургут тумани маъмурий судининг қарори билан ҳуқуқбузарлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбли деб топилган Х.А. базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима, унинг ўғиллари Х.А. ва Х.М.ларга нисбатан 15 сутка қамоққа олиш жазоси тайинланган.