Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бировнинг муаммосини ҳал этсак, унга ёрдам бераётгандек туюламиз. Ҳақиқатда эса унинг қийинчиликларини кучайтирамиз

Санкт-Петербурглик истеъдодли руҳшунос ва бизнес-тренер Наталья Грэйс ўзининг “Грэйс қонунлари” китобида оз бўлса-да, ақлли ва ҳушёр бўлишга ёрдам берадиган бир қатор қонунийликларни ифодалади.
Қуйида улардан бир-нечтасини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Эҳтимол, улардан фойдаланиб, бирор бир оғирингиз енгил бўлса, ажабмас.

Нолланиш қонуни
Мия нолификацияга муҳтож. Ишдан кейин уйингизга чарчоқ ҳолда келиб, бугунга мўлжалланган йигирмата ишингиздан 14 тасини бажариб, қолган олтитаси қолиб кетган бўлса, ўтириб олиб бўшлиққа тикилган ҳолда самарасизлигингиз учун ўзингизни айбламанг. Ахир мия буюртмаларингизни узлуксиз бажара олмайди. У кун бўйи сиз ташлаган “увада-чувада”ларни саранжом қилиб, ўзи билан ҳам шуғулланиши керак-да. Четдан келаётган ҳар хил маълумот унга умуман керак эмас. Шу пайт у ўзини “тозалаётган” бўлади. Шунинг ўзи нолланишдир. Ҳатто агар ҳар етти йилда бир марта дам беришмаса, тупроқ ҳам ўзининг унумдорлигини йўқотар экан. Яшасин нолланиш!

Сохта яхшилик қонуни
Бировнинг муаммосини ҳал этсак, унга ёрдам бераётгандек туюлади. Ҳақиқатда эса унга қийинчиликларини кучайтирган бўламиз. Агар бирор бир ичувчини зўрлик билан даволаниш учун шифохонага олиб борсак, унинг азоби кучаяди, биз эса ўз вақтимизни йўқотамиз. У одам яна ичиб қўйса, биз уни ношукурликда айблаймиз. Ёрдам бериш яхши, албатта. Лекин ҳар бир киши аввало ўзининг камчилигини тушуниб олиши керак. Шундагина у ўзининг муаммоларини ўзи ҳал қилишга қодир бўлади.

Майда-чуйдалар муҳимлиги қонуни
Инсон майда-чуйда нарсаларга қандай муносабат қилиши орқали ўзини намоён қилади. У бир йилда бир марта шоҳларча сахий бўлиши мумкин, фақат бир мартагина. Қитмир инсон эса майда-чуйдаларга ўралиб юраверади. Шунинг учун кичкина нарсалар уни ошкор қилади.

Куртакланиш қонуни
Ҳар бир воқеа ва ҳодисанинг куртакланиш ҳоллари бўлади. Бу куртаклар тирик бўлмаса-да, улар кўпайиш қобилиятига эга. Битта ювилмаган коса ўзидан кейин бир мунча ювилмаган идишларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Куртакланиш қонунидан қандай фойдаланса бўлар экан? Барча салбий воқеа ва ҳодисларнинг қийинчиликка олиб келмаслиги учун бошланишида фаҳмлаб олиш керак. Ҳар қандай нохушлик эмбрионлик пайтида йўқ қилиниши муҳим. Қор тўпини тўхтатишдан кўра, қор парчасини эритиш анча осон.

Шакарнинг ози яхши
Бу умуман ҳамма нарсага тегишли бўлган қонун. Масалан, сўз олганингизда уни одамлар зерикмасидан олдин тугатиш керак. Гёте бу борада “Зерикишнинг сири - ҳамма нарсанинг айтилишидадир” деб айтган. Меҳмондорчиликдан бошқалар зерикишни бошлагунга қадар чиқиб кетган маъқулроқ. Эсингизда бўлсин: шакарнинг ҳам, тузнинг ҳам ози яхши.

Умумий арава қонуни
Бир аравадаги иккита от 15 тоннани жойидан қўзғатишга қодир. Агар улар алоҳида бўлса, 3 тоннадан ортиқ юкни кўтара олмас экан. Маслаҳатли ишларни бошласангиз икки кишидан кўпроқ одам керак бўлади. Бекорга айтилмаган “Маслаҳатли ош татийди” деб. Уч марта ўралган ип эса тезда узилмайди.

Иқтидорга қарши таъсирланиш қонуни
Иқтидорли одамлар ҳар доим қарши таъсирланишни ўзига тортади. Булар, таҳсин ёки нафрат. Улар бефарқлик билан қабул қилинмайди, эътиборсиз қолмайди, кимдир уларни яхши кўради, бошқаси эса кўролмайди. Уларни эсдан чиқариш қийин, уларга ҳасад қилишади. Мабодо сиз иқтидорли бўлсангиз, омманинг мақтовларига ишонманг. Истеъдод соҳиби бўлганингизнинг ўзи ҳам душманларнинг ортишига асос бўла олади.

Умумий хотиралар қонуни
Аксарият одамларни воқеалар ва бирга ўтказган кечинмалар хотираси бирлаштиради. Умумий хотирада боғланишлик, дўстлик ва муҳаббат туйғулари босқичма-босқич ва давомийлик асосида шаклланади. Шу тариқа хотира одамларни боғлайди. Агар сиз одамларнинг хотирасида яхши инсон сифатида қолишни истасангиз, фақат яхши ишлар билан қолинг.

Атрофдагиларга фикр боғлаш қонуни
Гарчи, биз у билан ҳеч қизиқмасак-да, яқин атрофдаги одам бизни ўзи ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Бефойда одамларнинг сохта яқинлиги, хафвлилиги ҳам шунда.

Таъсир этиш қонуни
Атроф-муҳит инсоннинг шаклланишига таъсир қилади. Медицинада меъёр таъсири деган тушунча бор. Ҳаётда кимдир озғин, кимдир тўлароқ бўлиши мумкин. Ҳатто семизгина бўлиб туриб ҳам ёқимтой ва келишган одам бўлиш ёки хунук, кўримсиз бўлиб юриш мумкин. Бу меъёр таъсири натижасида рўй берадиган ҳол. Бир муҳитда у ривожланади, бошқасида эса қолоқлашиб бораверади. Атроф-муҳитимиз бизга кўпроқ ўз таъсирини кўрсатади. Ёнимиздагиларга қараб уларга айланиб қоламиз, уларни эса ўзимиз каби ўзгартира олишимиз жуда кам ҳолларда рўй беради.

Тўғри ҳаракатлар қонуни
Ҳаёт камчиликлари билан қизиқ. Инсон ўзига яхши шароит яратиб, мукаммалликка интилади. Бирор бир ишда катта ютуқларга эришса, бошқасида камчилик сезилиб туради. Одамзод ёмонликларнинг йўқлиги учун эмас, яхши фазилатларининг борлиги билан қадрли. Шунинг учун агар қайси бир шароит бўлишидан қатъий назар тўғри иш тутса, унинг ишлари кундан-кунга яхшиланиб, ривожланиб бораверади.

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.