Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

"Газ заправка"ларида хавфсизлик талабларига амал қилиняптими?

Бугунги кунда вилоятимизда мавжуд автомобилларнинг 50 фоиздан ортиғи муқобил ёқилғи сифатида сиқилган табиий газдан фойдаланиб, ҳаракатланади. Уларни ёқилғи билан таъминлаш учун эса вилоят ҳудудида 68 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари мавжуд.

Хўш, ушбу шохобчаларда автомобилларни газ билан таъминлаш тизими замонавий талабларга жавоб берадими? Уларда ишлаётган ходимлар белгиланган техника хавфсизлиги қоидаларига нечоғли амал қиляпти? Автомобилларга ёқилғи қуйишда газ баллони ускуналарининг бириккан жойлари зичлиги ва ишончлилиги даврий синовдан ўтказиляптими?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 сентябрдаги "Газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситалари, шунингдек, табиий газда ишлайдиган марказлаштирилган қозонхоналарда бехатар фойдаланишга доир шошилинч чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори биз, назорат органлари ходимларига юқорида қўйилган саволлар асосида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида хатлов ўтказиш вазифасини юклади.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали, вилоят стандартлаштириш ва метрология ҳамда вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармалари ҳамда "Саноатгеоконтехназорат" Самарқанд минтақавий инспекцияси ходимлари билан ҳамкорликда вилоятимизда жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида хавфсизлик талабларига риоя этилиши юзасидан хатлов ўтказдик.

Хатлов давомида 68 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўтказилган ўрганишларда турли техник камчиликлар аниқланди. Натижада 66 та шохобча раҳбарига 10 кунлик муддатда бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилди ва ижроси назоратга олинди. Самарқанд шаҳридаги "Камалак" ва Самарқанд туманидаги "Евроташинвест" масъулияти чекланган жамиятларига қарашли шохобчалар белгиланган технологик регламент талабларига риоя қилмасдан ишлаётганлиги сабабли улар фаолияти вақтинчалик тўхтатиб қўйилди. Шохобчада камчилик тўлиқ тугатилгач, фаолияти қайта тикланади.

Икром МАХСУМОВ, "Ўздавнефтгазинспекция" вилоят бўлими бошлиғи.